АОКА Kun.uz мухбири билан юз берган ҳолатга муносабат билдирди

авг 16 / 2019

 

15 август куни ОАВ вакилларининг журналистлик фаолияти давомида масъул мансабдор томонидан тазйиққа учрагани ҳақида материал эълон қилинди.
 
Матн ва унга илова қилинган видеолавҳада Тошкент шаҳри Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Kun.uz таҳририяти мухбирларига номуносиб, қўпол муомалада бўлгани, ҳатто камерани олиб қўйиш таҳдиди билан тажовуз қилгани акс этган. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
 
Афсуски, бундай ҳолатлар айрим мансабдор шахсларнинг қонунлардан бехабарлигини кўрсатиб қўймоқда. Жумладан, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланади.
 
“Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, журналист ўз касбига доир фаолиятни амалга ошириш чоғида, журналист текшируви ўтказиш, мансабдор шахс қабулида бўлиш, маълумотларни белгиланган тартибда ёзиб олиш, шу жумладан, зарур техника воситаларидан фойдаланган ҳолда ёзиб олиш ҳуқуқига эга.
 
Ахборот ва оммавий коммуниуациялар агентлиги мансабдорларнинг ОАВ вакилларига нисбатан номуносиб ҳаракатларини қоралайди. “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига кўра, давлат идоралари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари журналистга тазйиқ ўтказганлик, унинг журналистлик фаолиятига аралашганлик, журналистнинг материаллари ва зарур техника воситаларини ғайриқонуний равишда олиб қўйганлик учун жавобгарликка тортилади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *