"АрМИ-2019": Ўзбекистон "Танк биатлони" жамоаси ғалабага эришди

авг 15 / 2019
alt
 
15 август куни Москва вилоятида жойлашган Алабино дала-ўқув майдонида Халқаро армия ўйинларининг “Танк биатлони” йўналиши бўйича II дивизионнинг финал баҳслари ўз ниҳоясига етди. Унда иштирок этган вакилларимиз энг яхши натижани қайд этиб, ғалабага эришди.
 
Бугунги баҳсда жамоаларнинг ҳар учала экипаж аъзолари катта майдонга тушиб, эстафета шартини бажаришди. Ушбу шарт давомида улар тўсиқлардан талафотсиз ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш ва имкон қадар қисқа вақт ичида финиш чизиғини босиб ўтиши керак эди. Юртдошларимиз Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, барча иштирокчи жамоалар ичида энг яхши натижани қайд этишди. Вакилларимиз жами 2 соат 7 дақиқаю 22 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди. Бу вақт ичида 13 та нишон яксон қилинди.
 
Ҳамюртларимиз финалда Уганда, Куба ва Вьетнам жамоалари билан курашди.
 
“Танк биатлони” мусобақаси икки гуруҳда ўтказилаётган бўлиб, вакилларимиз унда иккинчи гуруҳдаги жамоалар билан баҳсга киришган. Бунда ҳар бир гуруҳдан алоҳида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланади.
 
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон жамоаси кейинги йилда “Танк биатлони” мусобақасининг биринчи дивизионида қатнашиш учун йўлланмани қўлга кирита олди.
 
Мусобақанинг биринчи дивизиони финал баҳси 17 август куни бўлиб ўтади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *