АҚШ Ўзбекистон пахтасини "қора рўйхат"дан чиқарди

мар 27 / 2019

alt

АҚШ Меҳнат департаменти шу йил 25 март куни Ўзбекистонда етиштирилган пахтани мажбурий ёки болалар меҳнати воситасида етиштирилган маҳсулотлар “қора рўйхати”дан чиқарди. Бу ҳақда Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонаси хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон пахтаси 2010 йилда №13126 рақамли ижро буйруғида қайд этилган рўйхатга қўшилган. Унга асосан АҚШ федерал агентликлари Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ёки болалар меҳнатидан фойдаланилган ҳолда етиштирилган, ишлаб чиқилган моллар, маҳсулотлар ва хом ашёларни харид қилиши тақиқланган эди.

Бу масаланинг очиқ муҳокамаси ўтган йил июль ойи якунида бошланганди.

АҚШ идораси Cotton Campaign халқаро коалицияси ва ILRF  Халқаро меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро форум томонидан тақдим этилган хулосаларини таҳлил қилди. Шунингдек, Вашингтондаги Ўзбекистон дипломатик миссияси расмий маълумотлар тақдим этди.  

“АҚШ ҳукумати департаментлари мавжуд маълумотлар ва етиб келаётган ахборотларни батафсил ўрганиб чиқиб, Ўзбекистондаги пахта ҳосилини етиштиришда болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланиш сезиларли даражада камайганига ва болалар меҳнати фақат айрим ҳолатларда кузатилган, деган хулосага келди. Шунинг учун энди бу маҳсулот EO рўйхатида қолиши учун асос йўқ”, — дейилган АҚШ Меҳнат департаменти баёнотида.

Америка идорасининг Ўзбекистон пахтасини “қора рўйхат”дан чиқариш қарори республика билан ҳамкорликни осонлаштириб, барча АҚШ давлат идораларига пахтани сотиб олиш имкониятини беради.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *