Банк картаси йўқолганлиги ҳақидаги хабарни туну кун юбориш имконияти яратилади

ноя 02 / 2019

alt

“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди (01.11.2019 й.). Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилади.

Қонунга мувофиқ, тўлов тизими тўловларни тўлов тизимининг оператори, тўлов тизими иштирокчилари ва (ёки) тўлов ташкилотларининг тўлов тизими оператори томонидан белгиланган тўлов тизимининг тартиб-таомилларини, инфратузилмасини ва қоидаларини қўллаш воситасида ҳамкорлик қилиш йўли билан амалга оширишни таъминлайдиган муносабатлар мажмуидир.

Тўлов хизмати тўлов хизматларидан фойдаланувчи ва тўлов хизматларини етказиб берувчи ўртасида тузилган шартнома, шу жумладан оммавий оферта тарзидаги шартнома асосида кўрсатилади.

Ўзбекистон ҳудудида тўловлар қуйидагилар орқали амалга оширилади:

- нақд пул маблағларини ўтказиш;

- электрон пулларни ўтказиш;

- пул маблағларини тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш;

- пул мажбуриятини ёки пул маблағларини тўлаш тўғрисидаги фармойишни ўз ичига олган тўлов ҳужжатини бериш;

- электрон тўлов воситаларидан фойдаланиш.

Шунингдек, Қонунга кўра, банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчини банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисидаги хабарномани туну кун юбориш имконияти билан таъминлаши шарт.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *