Булунғурда 10 кунлик келинчак эри томонидан аёвсиз калтакланган. Ҳодиса юзасидан ИИБ ахбороти

июн 01 / 2019
 
Самарқанд вилояти Булунғур туманида 10 кунлик келинчак маст ҳолдаги турмуш ўртоғи томонидан аёвсиз дўппосланган. 
 
Жабрдийданинг айтишича, ўша кеча эри "музқаймоқ олиб келиш" баҳонасида уйдан чиқиб кетиб, маст ҳолатда қайтиб келган ва жанжал бошлаб, уни шафқатсизларча калтаклаган. Эшик ичкаридан эри томонидан ёпиб қўйилгани туфайли қайнонаси унга ёрдамга келолмаган. Ўлгудек саваланган ва ҳушини йўқотган ёш келинчак қўшни томонидан касалхонага олиб борилган.
 
"Мени ҳатто туққан онам танимади", - йиғлайди Зуҳра. Аёлнинг юзлари шишиб кетган, кўзлари қонталаш ва деярли очилмайди.
 
Келинчакнинг онаси эса куёви ички ишлар бўлинмасига олиб борилгач, бир оздан сўнг у ердан қўйиб юборилганини ҳикоя қилди. Ҳуқуқ муҳофазаси идораси остонасини тарк этаётган "куёв" шу ерда турган қайнонасини куракда турмайдиган сўзлар билан қаттиқ ҳақоратлаган.
 
Зуҳранинг онаси шунингдек, ички ишлар органи ходимлари "қизингизни ўз пулингизга даволатинг, у оиладан пул сўраб юрманг, бўлмағур оила" дея маслаҳат беришганини қўшимча қилди. "Ўзингизга қимматга тушади" деган сўзлардан сўнг она ўз жигарбандини ҳатто тиббий экспертизадан ҳам ўтказа олмаган.
 
"Зарафшон" нашрининг вилоят ИИБ матбуот хизматига асосланиб хабар қилишича, З.Умарова Қ.Ғаниев билан 18 май куни никоҳдан ўтиб, турмуш қурган ва биргаликда яшаб келган. 30 май куни тунги соат 03:30 ларда Қ.Ғаниев маст ҳолатда Булунғур тумани “Мингтепа” МФЙ “Тинчлик” қишлоғидаги яшаш уйида, оилавий келишмовчиликлар сабабли, турмуш ўртоғи З.Умаровани уриб, тан жароҳати етказган.
 
З.Умаровага “бош мия чайқалиши, бошнинг ўнг тепа соҳасида урилиб, йиртилган жароҳат, иккала кўз атрофи ва бурун соҳаси лати” каби тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.
 
Ушбу ҳолат Булунғур тумани ИИБ Навбатчилик қисми Шакл-2 китобида 30.05.2019 йилда рўйхатга олиниб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
 
Ҳолат юзасидан гувоҳлардан тушунтириш хати олиниб, ҳолатга ойдинлик киритилмоқда. Ҳозирда Қ.Ғаниев Самарқанд вилояти наркология диспансерига ётқизилган.
 
30 май куни З.Умарованинг тан жароҳатларини оғирлик даражасини аниқлаш учун сайёр тартибда судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
 
З.Умарова турмуш ўртоғи Қ.Ғаниевга қонуний чора кўришни сўраб ариза билан мурожаат қилмаслигини баён қилган ва ушбу ҳолат юзасидан холислар иштирокида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *