Депутатлар автомобиль ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича таклиф киритди

июл 16 / 2019

Картинки по запросу автомобиль ойнаси парда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан автомобиллар ойналарини парда билан тўсишга рухсат бериш бўйича таклиф киритилди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев хабар қилди:
 
— Айни кунларда жазирама иссиқ туфайли автомобилда ҳаракатланаётган йўловчи ва ҳайдовчиларнинг қуёш нурларидан ҳимояланишга эҳтиёжи ортиб бораётганлигини кўриб турибмиз. Афсуски буни қонуний ва тўловларсиз амалга оширишнинг имконияти яратилмаган.
 
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори қарори билан тасдиқланган “Йўл ҳаракати қоидалари”да Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқловчи шартлардан бир сифатида барча транспорт воситасининг олд, ён ва орқа ойналарининг ёруғлик ўтказувчанлиги 70 фоиздан кам бўлиши белгиланган.
 
Шу билан бирга масаланинг қонуний ечими сифатида жисмоний шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг тўқсон баравари, юридик шахслар учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз йигирма баравари, Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир юз қирқ баравари миқдоридаги тўлов эвазига ички ишлар органлари рухсатномаси асосида ойналарининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат берилган.
 
Мазкур тартибга риоя этилмаган ҳолатларда эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 126-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан қирқ баравари миқдоригача жарима тўлаш белгиланган.
 
Аҳоли ва жамоатчиликнинг фикри асосида хулоса қилинса, бундай тартиб ва қоидаларнинг амалга тадбиқ этилишида бир қатор ўзига хос хусусиятлар инобатга олинмаган. Жумладан:
 
мамлакатимиз нисбатан иссиқ об-ҳаво кузатиладиган иқлим минтақасида жойлашганлиги;
 
иссиқ ва қуёшли кунларда автомобил эгалари ва ундаги йўловчиларнинг иссиқдан ва қуёш нурларидан ҳимояланиши ҳуқуқи учун пул тўлашга тўғри келаётганлиги, бунга имконияти бўлмаганларга эса иссиқдан ва қуёш нурларидан ҳимояланиши учун қонуний тартиблар мавжуд эмаслиги;
 
ойналарининг туси ўзгартирилган (қорайтирилган) енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат олиш учун белгиланган тўлов миқдори айрим янги автомобил қийматининг 30 фоизидан, ҳаттоки баъзи автомобилларнинг иккиламчи бозордаги нархининг 50 фоизидан ҳам кўпни ташкил этаётганлиги;
 
аҳоли ўртасида жамиятимизда аҳолининг бой ва камбағал қатламга ажратиб қўйилмоқда, деган тушунча пайдо бўлаётганлиги;
 
қонун хужжатларида “ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўриш” тушунчасига тушунтириш мавжуд эмаслиги инобатга олинмаган.
 
Шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари томонидан тўлов эвазига ойнасининг тусини ўзгартиришга рухсат олиб ўзгартирган енгил автотранспорт воситаларини текшириш учун тез-тез тўхтатилаётганлиги ва уларнинг қимматли вақтлари йўқотилаётганлиги ҳам фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
 
Мазкур масалада Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам сайловчилар томонидан шу мазмундаги мурожаатлар кўпайганлиги муаммонинг долзарблигини англатади.
 
Ушбу мурожаатлар бўйича қонун хужжатлари ва йигирмага яқин (Буюк Британия, Польша, Швеция, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон ва ҳ.к.) хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиб чиқилди.
 
Натижада аввало хавфсизлик масалаларини инобатга олган ҳолда йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари учун автотранспорт воситаларининг икки ёнига ўрнатилган орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгуни ҳайдовчининг ўрнидан кўришга ҳалақит бермаган ҳолда орқа ва ён ойналарига чий парда ёки дарпарда ўрнатилишига ҳеч қандай тўловларсиз рухсат берилиши мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.
 
Шундан келиб чиқиб, бир гуруҳ депутатлар томонидан ваколатли давлат органларига амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг тегишли бандига ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари ўриндиқлар сони 8 тадан ошмайдиган автотранспорт воситалари учун икки ёнига ўрнатилган орқа томон кўринишини таъминлайдиган ташқи кўзгуни ҳайдовчининг ўрнидан кўришга ҳалақит бермаган ҳолда орқ ва ён ойнаарига чий парда ёки дарпарда ўрнатишга беупл асосда рухсат беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги таклифлар тақдим этилди.
 
Кўп минг сонли фуқаролар мурожаатлари асосида тақдим этилган ушбу таклиф юзасидан масъуллларнинг муносабати натижалари ҳақида тез кунларда албатта маълум қилинади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *