Энди ССВ тизимидаги даволаш муассасаларига ҳар бир ходим тўлиқ ставкада ишга олинади

дек 23 / 2019

alt

Бугунги кунда тиббиётда тез-тез мунозарага сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири тўлиқсиз штатда, яъни, ярим ёки 0,25 ставкада ишлаётган ходимлар муаммоларидир. Бу ҳолат, айниқса, ўрта тиббиёт ходимлари ўртасида анча оммалашган. Табиийки, тиббиёт ходимлари, жумладан ҳамшираларнинг бундай иш фаолияти уларнинг моддий таъминотига таъсир этмай қолмаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 21 январда қабул қилинган 18-буйруғи ана шу долзарб муаммолар ечимига қаратилди. Унга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида асосий штатда ишлайдиган ҳар бир ходим тўлиқ ставкага ишга олиниши белгилаб қўйилди, деб хабар қилади вазирлик матбуот хизмати.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ўртасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган тармоқ келишувида ҳам ушбу янги тартиб-тамойиллар ўз аксини топди. Ушбу тармоқ келишувига мувофиқ, эндиликда тиббиёт муассасаларида бўш иш ўринлари юзага келса, унга биринчи навбатда тўлиқсиз ставкада ишлаётган ходимлар қабул қилинади. Шу билан бир қаторда, меҳнат бозорига янги кириб келаётган битирувчилар ҳам эндиликда тўлиқ штатга ишга олиниши белгиланган.

Шу ўринда тиббиёт ходимларига мурожаат қилиб, шуни айтмоқчимизки, бугунги кунда соҳа мутахассислари тиббиёт соҳасида чуқур билим ва малакага эга бўлиши баробарида ўзининг ва ўзгаларнинг қонун билан ҳимояланадиган ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал билиши ва унга амал қилиши шарт, дейилади вазирлик хабарида.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *