GM Uzbekistan Tracker нархига Chevrolet Malibu, Lacetti нархига эса Tracker олишни таклиф қилмоқда

фев 13 / 2019

alt

GM Uzbekistan АЖ ва “Ўзагросуғурта” АЖ автомобиль харид қилиш истагида бўлган мижозларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида жисмоний шахсларга Chevrolet Malibu ва Tracker автомобилларини муддатли тўлов орқали сотиб олиш бўйича янги хизматни ишлаб чиқди.

Эндиликда харидор Tracker автомобили пулига (215 млн сўм) Malibu, Lacetti пулига эса (128 млн сўм) Chevrolet Tracker харид қилиши мумкин. Бу ҳақда компания сайтида хабар қилинди.

Янги суғурта тури Chevrolet Malibu ва Chevrolet Tracker автомобиллари учун айнан ушбу миқдордаги дастлабки тўловни амалга ошириб, ушбу автомобилларнинг эгасига айланиш имконини беради. Автомобилнинг қолган суммаси 12 ой давомида фоизсиз бўлиб тўланади.

Акция 14 февралдан 1 мартга қадар амал қилади. Акция бўйича ажратилган автомобиллар сони чегараланган. Қайд этиш жоизки, мазкур акцияда фақат дилерларда мавжуд бўлган ушбу моделдаги автомобиллар иштирок этади.

Шартнома тузилган вақтда “Ўзагросуғурта” мутахассислари ўша жойнинг ўзида муддатли тўловга берилаётган сумманинг 3% миқдорида молиявий хатардан, шунингдек муддатли тўлов суммасининг гаров қийматидан 1% миқдорда суғурта полисини расмийлаштиради. Автомобиль учун тўлиқ тўлов амалга оширилмагунига қадар дилерда гаровда бўлади. Ойлик тўловлар шартнома тузилган санадан кейинги ойнинг ҳар 15 санасигача амалга оширилиши лозим.

Қайд этиш жоизки, шартнома муддати ва тўлов шартлари бузилишга йўл қўйилган тақдирда келишув бекор қилинади.

Маълумот учун, бугунги кунда “Ўзагросуғурта” АЖ бугунги кунда Ўзбекистондаги энг йирик универсал суғурта компанияси бўлиб, аҳоли ва тадбиркорларга 140дан ортиқ суғурта хизматларини қулай ва тезкор тақдим этиб келмоқда. Компания бутун Республика бўйлаб ўзининг ҳудудий бўлинмаларига эга. Бу Республиканинг нафақат йирик шаҳарларида, балки энг чекка ҳудудларида яшовчи ва фаолият юритувчиларга сифатли суғурта хизматларидан фойдаланиш учун катта қулайлик яратади. Тўлов қобилиятининг юқорилиги эса Компания мажбуриятларини ўз вақтида сўзсиз амалга оширишини таъминлайди. Айнан шу боис GM Uzbekistan АЖ ўзига суғурта ҳамкори сифатида ушбу компанияни танлади.

GM Uzbekistan АЖ ва “Ўзагросуғурта” АЖ келгусида ҳам мижозларга автомобиль хариди жараёнида қулайликлар яратиш мақсадида янги хизмат турларини таклиф этади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *