GM Uzbekistan'дан кутилмаган янгилик, Ўзбекистонга киритилмаган «Озодлик» мухбири, Россия бозоридаги Ravon автомобиллари нархи — UZ24'да тонгги хабарлар

июн 07 / 2019

 

Tracker ва Lacetti'ни фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олиш мумкин
 
GM Uzbekistan 12 июнгачаTracker Premier AT автомобилини 16 миллион сўм чегирма билан 2 йил фоизсиз муддатли тўловга олишни таклиф қилади. Бунинг учун харидор 128 млн сўм дастлабки тўловни амалга ошириб, қолган суммани 2 йил давомида фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.
 
10 июнгача Chevrolet Lacetti автомобилининг 3-позициясини ҳам бир йилга фоизсиз муддатли тўловга харид қилиш мумкин. Бунинг учун харидор автомобилнинг 100 млн сўм дастлабки тўловини амалга ошириб, қолган 28 миллион сўмини бир йил давомида фоизсиз бўлиб тўлайди.
 
***
 
Пензада саккиз ўзбекистонлик ЙТҲга учраган, улардан бири вафот этган
 
Ҳодиса 4 июнь куни Пенза вилояти ҳудудидан ўтувчи М5 «Урал» трассасида содир бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 8 нафар Ўзбекистон фуқароси бош мия жароҳатлари билан Кузнецк туманлараро касалхонасига жойлаштирилган. 6 июнь куни Ўзбекистон фуқароси, 1983 йилда туғилган Шерали Патиллоев вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консулхонаси маълум қилди. Марҳумнинг жасадини Ватанга қайтаришда консуллик-ҳуқуқий кўмак бериш ва жароҳатланган юртдошларга ёрдам кўрсатиш бўйича бош консулхона тегишли чораларни кўрмоқда. Улар ҳозирда Кузнецк касалхонасининг жонлантириш ва травматология бўлимларида бўлиб турибди.
 
***
 
Қашқадарёда ўқувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори жаримага тортилди
 
5 июнь куни «Озодлик» мактаб ўқувчилари жазирама иссиқда узун йўл ва ариқни тозалашга мажбурланаётгани тўғрисида хабар тарқатганди. Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу ҳолат бўйича текшириш олиб борган ва Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги 75-мактаб директори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 2-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан энг кам иш ҳақининг 5 баравари (1 013 650 сўм) миқдорида жарима солинган. 
 
***
 
Тошкентга келган «Озодлик» мухбири депортация қилинди
 
4 июнь куни Тошкентга учиб келган «Озодлик» радиоси ўзбек хизмати мухбири Умид Бобоматов Ўзбекистондан депортация қилинди. Бу ҳақда унинг ўзи Фейсбукдаги саҳифасида маълум қилган ва депортация вақтида берилган ҳужжат фотосуратини илова қилинган. 
 
У «Ўзбекистон ҳаво йўллари» орқали бошланғич манзилига қайтариб юборилган. 
 
Эслатиб ўтамиз, май ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Озодлик»нинг Ўзбекистонда очилмаслигига изоҳ берганди.
 
***
 
Ravon компанияси Россия бозоридаги автомобиллари нархини эълон қилди
 
 
Ravon автомобилларини Россияга етказиб бериш баҳорда тўхтатилган эди, бироқ улар яқин вақтлар ичида яна қайта йўлга қўйилиши кутилмоқда. AutoNavigator маълумотларига кўра, беш эшикли Ravon R2 хэтчбеки (олдинги Chevrolet Spark) нинг Optimum ва Elegant позициялари мос равишда 12,3 минг ҳамда 12,6 минг доллардан сотилади. Ravon R4 седанининг (Chevrolet Cobalt) тўртта позицияси сотувга чиқади: Comfort МТ (11,8 минг доллар), Optimum МТ (12,2 минг доллар), Optimum AT (12,8 минг доллар), Elegant АТ (13 минг доллар).
 
***
 
Павел Дуров овқатланишдан воз кечди
 
Telegram асосчиси Павел Дуров 15 йилдан буён гўшт, кофеин, алкоголь, фаст-фуд тановул қилмайди. Бир йил олдин тухум, фруктоза, сут маҳсулотлари ва глютен истеъмол қилишдан воз кечган бўлса, 2019 йилнинг майидан бошлаб денгиз маҳсулотларини истеъмол қилиш билан чекланмоқда. Яқинда эса ҳар қандай таомлардан воз кечиб, фақат сув ичиш билан яшашга ўтган. Бу теранроқ фикрлашга ёрдам бермоқда, деб ёзади у ўз блогида. Унинг айтишича, Финляндия ва Швейцарияда совуқ сувда чўмилиш иш самарадорлигини оширишига кўмаклашмоқда.
 
«Ҳозирча ўзимни яхши ҳис қиляпман. Умуман овқат емаслик фикрлашни тиниқлаштиргани сабаб продакт-менежмент соҳасида кўп нарсаларни амалга оширдим. Бу овқат ҳазм қилиш тизимини тозлаш ва қайта ишга тушириш, шунингдек, иммун тизимини овқатлардан тозалашдан бошқа ишлар билан шуғулланишига имкон беради. Овчилик ва термачилик билан шуғулланган аждодларимиз маълум бир вақт овқатсиз яшаган, шу сабаб танамиз эволюцион жиҳатдан бунга тайёр бўлибгина қолмай, аслида йилига бир марта бўлсада буни амалга оширишимизни кутади. Кўплаб динларда бундай парҳез усули бор — бу тана ва руҳ учун фойдали», – деб ёзади Дуров.
 
***
 
7 июнь учун об-ҳаво маълумоти 
 
Гидрометеорология марказининг хабар беришича, Тошкентда кечаси 18-20, кундузи 31-33 даража иссиқ бўлади. Республика бўйлаб ҳаво ҳарорати кечаси ўртача +20, кундузи +33 даража, жанубда +37 даражага етади.
 
Тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ғарбдан секундига 7-12 метр тезликда шамол эсади. Момақалдироқ пайтида шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин. Кечаси 9-14, кундузи 18-23 даража иссиқ бўлади.
 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *