Ўз даврининг таниқли журналисти Жўра Саъдуллаев 80 ёшида вафот этди

фев 14 / 2019

alt

Жўра Саъдуллаев 1939 йилнинг 10 январида Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги Эшонгузар қишлоғида туғилган.

1960-1967 йиллари Ўрта Осиё Давлат университетининг Филология факультети журналистика бўлимида таҳсил олган. Қибрай тумани ижтимоий-сиёсий газетасида ходим, бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, Зангиота тумани ижтимоий-сиёсий газетасида муҳаррир, “Ёш Ленинчи” газетасида бўлим мудири, 1974-1988 йилларда “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида мухбир, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, 1988-1989 йилларда “Муштум” журналида бош муҳаррир, кейинги йилларда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида мухбир, “Халқ сўзи” газетасининг Тошкент вилояти бўйича мухбири, бўлим мудири, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раиси, “Ўзбекистон табиати” газетасида бош муҳаррир, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгашининг Матбуот шўъбасида мудир, “Муносабат” (ҳозирги “Нуроний”) газетасида бош муҳаррир, “Тошкент ҳақиқати” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасининг бўлим мудири вазифаларида ишлаган.

У ўзининг самарали ижод фаолияти даврида “Далласдаги отишмалар акс-садоси”, “Америка империализмининг қонли излари” публицистик китоблари, фалсафа, иқтисодиёт ва бухгалтерия ҳисобига оид ўндан ортиқ китобларни ўзбек тилига таржима қилган. 

Ўзбекистон Журналистлар союзи мукофотининг лауреати (1976 йил), Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист (1988 йил) фахрий унвони соҳиби, “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби (2006 йил) бўлган. 

Жўра Саъдуллаев “Камолот йўллари” (1980 йил), “Тик парвоз” (1986 йил), “Сўнгги топшириқ” (1979 йил) очерклари тўпламларининг муаллифи, “Ўзбекистон юлдузлари” (1977 йил), “Ўзбекистон қўриқлари” (1980 йил) китобларининг ҳаммуаллифи. “Замондош қалби” (2005 йил, публицистик нашр), “Давр кўзгуси” (“Тошкент ҳақиқати”: йиллар, ижодкорлар, изланишлар”, 2006 йил), “Асом ғаданг нима дейди?” (2007 йил, фельетонлар тўплами), “Умр оқар сув эмас” (2010 йил, публицистик нашр), “Овлоқдаги хонадон” (2010 йил, дедектив қисса), “Кўнгил тўлғоқлари” (2011 йил, публицистик нашр) китобларининг муаллифи. 

Шунингдек, “Шажара – хотирада ўчмас машъала” (2006 йил) авлодлар шажараси китобининг ҳаммуаллифи.

Бугунги кунда унинг ўнлаб шогирдлари республикамизнинг турли оммавий ахборот воситалари ҳамда қатор идора ва муассасаларида самарали меҳнат қилишмоқда. 

UZ24 жамоаси журналистнинг оила аъзолари ва шогирдларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *