«Ўзбекэнерго» электр таъминотидаги узилишларга изоҳ берди

дек 27 / 2018

alt

«Ўзбекэнерго» Ўзбекистоннинг олис ҳудудлари бўйлаб электр энергияси таъминотида кузатилаётган узилишлар сабабларини изоҳлади.

— Ҳозирги вақтда иш фаолиятида бўлган энергетика қурилмалари ўтган асрнинг ўрталарида ишга туширилган, уларнинг деярли 67 фоизи эскирган. Мавжуд электростанциялар ҳам ўтган асрнинг 50-60 йилларида барпо этилган бўлиб, уларнинг аксариятида қувватлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган. Энг янги ҳисобланган Тахиатош ИЭСнинг ҳам фойдаланишга топширилганига 27 йилдан ошди.

— Аҳоли сонининг ортиб, ҳудудларда янги уйларнинг кўпайиши натижасида трансформатордан 1,5–2 километргача узунликда электр симларининг тортилаётгани туфайли охирги истемолчиларга узатилаётган электр энергиянинг қуввати 220 вольтга етмаяпти. Трансформаторлар 600-800 метргача бўлган ҳудуддаги истемолчиларга 220 вольтни етказа олади.

— Аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжи ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда истеъмолчиларга 47,4 миллиард кВт-соат электр энергияси етказиб берилган бўлса, 2018 йилда эса ушбу кўрсаткич 50,7 миллиард кВт-соатни ташкил этиши кутилмоқда.

— Аҳоли томонидан битта фазадан бошқа фазага ўзбошимчалик билан уланиши ва юкламаларнинг битта фазадан иккинчи фазага ўтказилиши айрим жойлардаги, айниқса, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида электр кучланиши пасайишига, яъни меъёрдаги 220 вольтдан тушиб кетишига сабаб бўлаяпти. Таъмирлаш ва юкламаларни фазалараро тенг тақсимлаш ишлари олиб борилишига қарамасдан, маълум вақт ўтгач аҳоли яна ўзбошимчалик билан бир фазадан бошқа фазага ўтиб олиши, бундан ташқари, якка тартибда қурилаётган кўплаб уйларнинг эгалари томонидан фақат битта фаза орқали уланиши ҳам ортиқча юкламаларни юзага келтириб, қисқа муддатли узилишларга олиб келмоқда.

«Ҳудудий электр тармоқлари томонидан аҳолининг мурожаатлари бўйича ушбу ҳолатларни бартараф этиш, таъмирлаш ва юкламаларни фазалараро тенг тақсимлаш орқали кучланишни меъёрга келтириш ишлари олиб борилмоқда. Соҳада мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва янгиларини ишга тушириш бўйича лойиҳа қиймати 2,6 млрд АҚШ доллари бўлган умумий қуввати 1 984 МВт 7 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Жалб қилинадиган кредитлар ва «Ўзбекэнерго»нинг ўз маблағлари ҳисобидан йилига умумий узунлиги 7,1 минг километр бўлган янги электр тармоқларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, 2500 та трансформатор пунктини ўрнатиш ва модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш ишлари бошланган.

Умуман олганда, олис ҳудудларда истиқомад қилаётган аҳолининг электр энергияси таъминотидаги қисқа муддатли узилишларга барҳам бериш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда», — дейилади «Ўзбекэнерго» матбуот хизмати ахборотида.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *