"Ўзбекистон ҳаво йўллари" ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга муносабат билдирди

дек 09 / 2019

alt

Aввал хабар қилинганидек, об-ҳаво шароити билан юзага келган туман сабабли «Наманган» ҳамда «Фарғона» аэропортлари ҳаво кемалари қабули учун беркитилган эди, шу сабабли 8 декабрь куни «Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг HY-620 қатнови билан Москва-Наманган йўналиши бўйича парвоз қилган Boeing 757 самолёти ҳаво кемаси командирининг қарорига кўра, самолёт маҳаллий вақт бўйича соат 17:41да «Тошкент» халқаро аэропортига қўндирилди.

«Наманган» аэропортида метеошароит узоқ вақт давомида яхшиланмагани сабабли, ер усти транспорти билан Наманганга етиб олишни хоҳлаган йўловчиларга авиакомпания қоидаларига мувофиқ, Наманганга бориш учун йўл ҳақини қоплаш учун тегишли тарзда товон тўланди. 

Йўловчиларга, шу ўринда юки катта бўлганларга авиакомпания томонидан энг яқин қатнов билан манзилга учиш таклиф етилди. 37 киши Наманганга HY-095 қатнови билан 9 декабрь куни соат 08:25 да учишга рози бўлишди.

«Наманган» аэропортида метеошароит ўзгармаганлиги сабабли Тошкент-Наманган йўналишининг HY-095 қатновининг учиши соат 10:00 га, сўнг 12:00 ва 14:00 га кўчирилди. Шу вақт давомида Наманганга қатновни кутаётган йўловчилар «Тошкент» халқаро аэропортининг кутиш залида жойлашдилар ва уларга икки марта иссиқ овқат тақдим этилди. Наманганга учиш учун йўловчилар 9 декабрь куни соат 07:00да махсус ер усти транспорти билан маҳаллий авиатармоқлар аэровокзалига етказилдилар. 

«Наманган» аэропортида метеошароит қайта ёмонлашгани йўловчиларнинг самолёт бортида узоқ вақт кутиб қолишларига сабаб бўлди. Баъзи йўловчилар вазиятга агрессив тарзда муносабат билдириб, об-ҳаво шароитларидан қатъий назар самолётни Наманганга учишини талаб қила бошладилар. «Наманган» аэропорти очилгани ҳақида маълумот олиниши билан командир учишга қарор қилди ва йўловчиларни бортга чиқишлари мумкинлиги эълон қилинди. Самолётга чиққач, тажовузкорона руҳдаги йўловчилар катта борт кузатувчига ташландилар. Катта борт кузатувчига ташланиб, унга тан жароҳати етказган ва охир оқибат экипажнинг ўзгаришига сабаб бўлган йўловчи аёл билан бирга жами 5 нафар йўловчилар Тармоқ ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қатновдан четлатилдилар.

Шуни қайд етиш зарурки, шу вақт давомида раҳбарият, Савдо-сотиқ департаменти ва «Uzbekistan  Airways»нинг Ер усти хизмати бошқармаси мутахассислари тушунтириш ишларини олиб боришган ва йўловчилар билан доимий алоқада бўлиб, уларга хизмат кўрсатиш бўйича барча чораларни кўришган.

«Uzbekistan Airways» йўловчилардан қиш мавсуми давомида ёмон об-ҳаво шароитлари сабабли учиш ва қўниш аэропортларида жадвал ўзгаришини тўғри тушунишларини сўрайди, чунки парвозлар ва йўловчилар хавфсизлиги бизнинг биринчи даражали вазифамиздир, дейилади муносабатда.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *