Ўзбекистонда ҳафта охирида салқин об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

авг 06 / 2019

alt

Июль ойи бизда ҳам, Ўрта Осиё ёзи учун ҳам жуда иссиқ келди. Бу йил биз, Ўзбекистонда бутун метеорологик кузатувлар даврида барча ҳудудлар, хусусан, Тошкентда ҳам энг иссиқ июль ойини бошдан кечирдик. Бу ҳақда «Ўзгидромет» маркази бош синоптиги Ирина Зайцева маълум қилди.
 
Эсингизда бўлса, 11 июлдан бошлаб ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 5-7 даражага, айрим жойларда эса ундан ҳам юқори бўлди. Бу вақтда ҳарорат 40-43 даражани, юртимизнинг шимоли, жанубда ва чўл ҳудудларида иссиқ авжига чиққанда 44-45 даражани ташкил қилди. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларининг чўлларида эса жазирама 46-48 даражагача етди. Тўғри, орада ҳаво ҳарорати бироз пасайган даврлар ҳам бўлди. Бироқ, жуда қисқа муддатда ўтиб кетгани боис, деярли сезилмади. Шу боис бу йилги июлнинг ўзига хослиги юқори ҳароратдагина эмас, балки жазирама даврнинг узоқ давом этганидадир. Мисол учун, кўпгина вилоятларда максимал ҳарорат 40 даража ва ундан юқори бўлган давр 10-17 кунни, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 20-25 кунни ташкил қилди. Бу ўртача кўп йиллик кўрсаткичлардан анча юқори, дейди бош синоптик.
 
5 августда тақвим бўйича чилла ўз ниҳоясига етди, бироқ ёз жазирамаси салқин кунларга ўз ўрнини бўшатишга шошилаётгани йўқ.
 
Ирина Зайцеванинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда жуда иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳарорат кундузи 40-43, жанубий вилоятларнинг айрим жойларида эса 44-45 даража бўлиши кутилмоқда. Қувонтирадиган хабар эса ҳафтанинг охирида кутилмоқда. 10-11 августга бориб, ҳарорат пасаяди ва 33-38 даражани ташкил қилиши кутилмоқда.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *