Ўзбекистонда илиқ қиш кузатилишининг сабаби нима?

фев 19 / 2019

alt

Орамизда зумрад қиш фаслини интиқлик билан кутадиганлар, заминга гиламдек тўшалувчи оппоқ қорни соғиниб кутувчилар исталганча топилади. Аммо бир сўз билан айтганда “Қиш қишлигини қилмади!”  Қиш фасли тугашига ҳам саноқли кунлар қолди, лекин шу вақтгача қор жуда кам ёғди. Мазза қилиб ўйнайдиган қорлар бу йил қишда бўлмади. (Тоғли ҳудудларни ҳисобга олмаганда)

Шунингдек, ушбу ҳолатни ҳар ким ҳар хил изоҳламоқда. Хўш, бу юзасидан соҳа мутахассислари нима дейди? 

Зайцева Ирина Борисовна “Ўзгидромет” маркази бош синоптики: 

Умуман олганда бутун Ўрта Осиёда, хусусан Ўзбекистон аҳолиси учун кўпроқ ёз чилласи деган тушунча яқинроқ. Яъни, июнь ойининг охирги ўн кунлигидан бошланиб, август ойининг бешинчи санасигача давом этадиган иссиқ давр. Шунга ўхшаб қиш чилласи ҳам совуқ бўладиган давр бўлиши тўғрисида тасаввур ҳосил бўлган. Бунда ҳарорат водийларда “0” даражадан пастга тушади.

Бироқ бизнинг Ўрта Осиё иқлими шароитларида илмий нуқтаи назардан қиш чилласи деб айтиш ҳар доим ҳам асосли бўлавермайди. Чунки одатда Ўзбекистонда қиш қисқа муддатли ва кам қорли бўлади. Қишларимизнинг асосий хусусияти шундаки, бутун қиш давомида ҳароратнинг кескин ўзгаришлари кузатилади, яъни илиқ ва совуқ ҳаво оқимлари бир-бирини алмаштириб туради. Ҳарорат пасайганда ёққан қор ҳарорат кўтарилиши билан эриб кетади. Шунинг учун ҳам қалин ва барқарор қор қатлами бизда кузатилмайди. 

Бунинг устига охирги йилларда кузатилаётган глобал иқлим илиши муносабати билан иссиқ тўлқинлар тез-тез такрорланиб,  узоқроқ давом этмоқда. Бундан 50-100 йил олдин тез-тез бўлмасада, лекин кузатиладиган қалин қорли қаҳратон совуқлар ҳозир жуда кам ҳамда у қадар кучли эмас.

Ҳаво ҳарорати озгина бўлса ҳам лекин меъёридан юқори. Шунинг учун асосан ёмғир ёғиб фақат баъзи жойларда қорга айланмоқда, лекин шунда ҳам қор қатлами ҳосил бўлмаяпти. 

Дарҳақиқат, бу йилги қишнинг охирги ойи тугамаган бўлсада, бу йилги қишнинг ўртача ҳарорати Ўзбекистонда ўтказилган бутун метреологик кузатувлар тарихи учун энг илиқ қиш мавсуми деб қайд этилган 2015-2016 йиллар кўрсаткичига яқин бўлиш эҳтимоли катта. Кўпилик бу йил нега қор ёғмади деб қизиқмоқда, айнан ҳарорат фонининг юқорилиги сабабли Республиканинг текислик қисмида ёққан қор ёғинлар асосан ёмғир кўринишида бўлди. Бироқ Республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўп ёғди. Қор қатламининг баландлиги ўртача кўп йиллик қийматларидан анча ва айниқса, ўтган йилги қийматларидан катта бўлди. Қишки дамни қишки спорт турларини хуш кўрадиган юртдошларимиз дам олиш зоналарига бориб ҳордиқ чиқаришлари ва кўнгилли вақт ўтказишлари мумкин.

Бироқ, тоғ ёнбағирларида қорнинг кўплиги ижобий томонларга эга бўлгани каби салбий томонлари ҳам бор. Шунинг учун эҳтиёткорлик ва хавфсизлик чораларини кўриш лозим. Рухсат этилмаган зоналарда учиш мумкин эмас. Кўчки хавфи эълон қилинган тоғларга чиқиб ҳаётингизни хавф остига қўйманг. 

БУНДАН БУЁН ҚИШЛАР ИЛИҚ БЎЛАДИМИ?

Бу йилги қишнинг илиқ келиши бундан кейин ҳам қишлар илиқ бўлади дегани эмас. Глобал илиш ҳар кейинги йил ҳар кейинги аввалгисига қараганда илиқроқ бўлишини билдирмайди. Бу ерда 20-30 йил аввалги ўн йилликларга қараганда илиқроқ бўлиши кўзда тутилган. Шунинг учун келажакда бизни совуқ қишлар қарши олиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Одатдагидек, ёки ҳатто илиқ қишлар даврида ҳам алоҳида совуқ кунлар бўлиши мумкин. 

“ЭНДИ ЎРИК ГУЛЛАГАНДА ҚИШ БЎЛАДИМИ”?

Баҳор фаслининг биринчи ярми об-ҳаво шароитларига кўра йилнинг энг барқарор даври ҳисобланади. Совуқ ва илиқ ҳарорат тўлқинлари бирма бир ўрин алмашиб туради, тез-тез ёмғир ёғиб, тўсатдан кескин шамол кўтарилиши эҳтимоли бўлади. Ҳатто баъзида баҳор ўртасида ҳам қор ёғиши мумкин. Бу ҳолат илиқ қишда ҳам, совуқ ҳароратли қишда юз бериши мумкин. Фақат айтиш мумкинки, мамлакатимизда энг паст ҳароратлар Қорақалпоғистонда, Навоий вилоятининг шимолий туманларида кузатилди. Баъзан энг совуқ даврларда ҳарорат бу ҳудудларда 20-25 даражада совуққача тушиб кетиши мумкин. Бутун кузатувлар даври мобайнида эса абсолют паст ҳарорат 29-34 даражада совуқни ташкил қилгани қайд этилган. Бу йил бундай паст ҳароратлар Республикамиз шимолида ҳам кузатилмади. Ҳозирги пайтгача бу йилги қишнинг энг совуқ даври бўлган ўтган йилнинг 23-24 декабр кунлари Қорақалпоғистон ва Навоий вилоятининг шимолида ҳарорат 16-18 даража атрофида ва фақат Устюрт платосидагина 20-22 даража совуқни ташкил қилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *