Ўзбекистондаги ОТМларда контракт нархларининг 18 фоизга оширилишига изоҳ берилди

сен 10 / 2019

alt

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йилда олий таълим муассасаларида тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматининг ўрнатилишига  шарҳ берди.

Янги ўқув йилида тўлов-контракт қиймати миқдорини 18 фоизга оширилишида (индексация қилишда) асосий омил сифатида, олий таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи миқдорлари (ўтган ўқув йилида 3 маротаба), коммунал хизматлар тарифлар ва бошқа сақлаш харажатлари ошгани ҳолда, олий таълим муассасалари харажатларини даромадларига нисбатан 74 фоизга ўсганлиги инобатга олинди.

Шу билан бирга, ёшларни олий таълим билан қамров кўрсаткичи 2017/2018 ўқув йилидаги 9 фоиздан жорий ўқув йилида 20 фоизга ортганлиги ёки талабалар контингентининг 126 минг нафарга кўпайганлиги олий таълим муассасаларида ўқитувчилар ва ўқув бинолари қувватларини яратиш бўйича қўшимча эҳтиёжга олиб келади, бу эса ўз навбатида қўшимча харажатларни талаб этади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан тўлов-контракт миқдорларининг ўртача 18  фоизга оширилиши - бир талабани бир йиллик ўқитиш харажатларини қисман, яъни ўртача 68 фоизи қопламоқда холос (бунда - харажатларни қопланиши ўтган йилги даражада сақлаб қолинмоқда).