Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди

окт 29 / 2018

– Зиёратчилар Мадина шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганидан сўнг Макка шаҳрига йўл олади

– Уларга 5 юлдузли меҳмонхона, ошхона ва транспорт хизматлари юқори савияда ташкил этилади

alt

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳи Умра сафарига жўнаб кетди. Бу ҳақда ДИҚ матбуот хизмати хабар берди.

Уларни кузатишга Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан қатнашди.

“Мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, жумладан, жорий этилаётган қулайликлар юртдошларимизнинг кўнглини кўтариб, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик ва бағрикенглик муҳитига шукроналик келтиришида муҳим омил бўлмоқда”, деб таъкидлади Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуримон Абулҳасан.

Бошланган Умра мавсумини юқори савияда ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўрилди. Зиёратчилар учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳаж ва умра амалларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан юртдошларимизга хизмат кўрсатиш ишлари мувофиқлаштириб борилаётир.

Ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адо этиш, бу борадаги тартиб-қоидалар, шунингдек, сафар талаблари хусусида тушунтириш бериш мақсадида жойларда зиёратчилар гуруҳлари учун сафаролди учрашувлари ташкил этилди.

Зиёратчилар Мадина шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганидан сўнг Макка шаҳрига йўл олади. Зиёратчилар учун мавсум давомида 5 юлдузли меҳмонхона, ошхона ва транспорт хизматлари юқори савияда ташкил этилади.

Аввал хабар қилганимиздек, ҳукумат қарори билан жорий йилдан Умра мавсуми йил бўйи узлуксиз давом этиши эълон қилинди. Авваллари муайян ўзбекистонлик зиёратчилар Умра сафарига отланган бўлса, ҳозирда бу чекловлар олиб ташланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, шу пайтга қадар ҳар йили 5 минг юртдошимиз ҳаж сафарига ва 6 минги умра зиёратларига борган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгунча, яъни 1943-1991-йилларда бор-йўғи 140 нафарга яқин юртдошимиз муборак ҳаж сафарига бориш бахтига мушарраф бўлган.

2019-йилдан бошлаб йилига минг минглаб ватандошимиз умра амалларини бажариш имконига эга бўлади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *