"Ўзбекнефтгаз" АЖ ижтимоий тармоқлардаги мурожаатни қаноатлантириш имкони йўқлигини билдирди

ноя 11 / 2019

alt

Қашқадарё вилоят, Ғузор туман, Обод МФЙ да яшовчи фуқаролар О.Худойқулов ва Н.Тўраеванинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаати бўйича Ўзбекнефтгаз АЖ қуйидагиларни маълум қилди.

Аввал ҳам фуқаро Ориф Худойқулов ва Насиба Тўраева Ғузор тумани Шўртан қўрғонида жойлашган “Эталон Нур” ва “Ғузор Авангард” номли иссиқхонага мўлжалланган деҳқон хўжалигини техник сув, иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлашда амалий ёрдам берилишини сўраб “Шўртаннефтгаз” МЧЖга мурожаат қилишган.

Мурожаатчиларнинг олдинги мурожаатларига, ёқилғи-энергетика ресурслари “Шўртаннефтгаз” МЧЖга фақат ўз эҳтиёжлари учун белгиланган меъёр асосида ажратилиши ва ажратилган ёқилғи-энергетика ресурсларини меъёрга асосан ишлатилиши тўғрисида батафсил жавоб хатлари орқали тушунтиришлар берилган. Уларга юборилган 2019 йил 20 ва 25 сентябрь кунидаги огоҳлантириш хатларида “Шўртаннефтгаз” МЧЖда тадбиркорларнинг иссиқхонасини сув, табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаб бериш имконияти йўқлиги маълум қилинган.

Шунингдек, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ўз олдига қўйилган йиллик режаларини бажариши учун тузилган шартнома ва меъёрга асосан “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан фақат ўз эҳтиёжи учун ажратилган лимит бўйича электр энергиясини сарфлайди.

Қашқадарё вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан берилган махсус сувдан фойдаланиш тўғрисидаги рухсатнома ҳамда “Шўртангаз кимё мажмуаси” МЧЖ билан сув олиш бўйича тузилган шартномага асосан, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг барча қурилма ва объектлари ўз эҳтиёжи учун меъёр асосида техник сув билан таъминланган.

Иссиқлик ва газ таъминот цехидаги қозонхоналар, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг қурилма ва объектларидаги эҳтиёжлар учун иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган ва меъёрдан ортиқча иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга эмас.

Бундан ташқари, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошқа хўжалик юритувчи субъектларни техник сув, иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мажбуриятига ҳам эга эмас.  

Юқоридагиларни инобатга олиб, тадбиркорларнинг иссиқхонасини техник сув, электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлашда амалий ёрдам берилишини сўраб ижтимоий тармоқларга қилган мурожаатларини қаноатлантириш имконияти йўқлигини маълум қиламиз. 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *