ХАЛҚ БИЛАН САМАРАЛИ МУЛОҚОТ – ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИДА МУҲИМ ОМИЛ

авг 09 / 2019

alt

Тинчлик-осойишталикни сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга ҳисса қўшиш эса давлат ва жамоат ташкилотлари билан бир қаторда, шу ҳудудда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг, жамият ҳар бир аъзосининг бурчи ҳисобланади.

Айни пайтда, давлат ва жамият олдида турган ушбу энг муҳим вазифалар ижросини самарали таъминлаш кўп жиҳатдан жойларда аҳоли билан самарали мулоқотни ўрнатишга, уйма-уй юриш орқали аҳоли муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга ҳам боғлиқ.

Мамлакатимиз Раҳбари томонидан мазкур йўналишларда белгилаб берилган вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари айни кунларда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида соҳа ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларига ва маънавий-маърифий учрашувларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мазкур тадбирларда аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик долзарб муаммоларини эшитишга ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Тарбия оиладан бошланади, – дейди Самарқанд вилояти Булунғур тумани “Бешқўтон” маҳалласи раиси Гулсун Асқарова.
– Маҳалламизда 3 мингга яқин аҳоли яшайди, шундан 700 дан зиёдини ёшлар ташкил қилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида аҳоли билан учрашувлар ўтказишга, ҳар бир оилага кириб, уларнинг муаммоларини ўрганишга доимо эътибор қаратиб келмоқдамиз. Бугун Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилган тарғибот тадбири ҳам оилаларни мустаҳкамлашда, фуқароларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга, маҳалламизни жиноятчиликни холи ҳудудга айлантиришдаги дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.

alt

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш анъанага айланиб бормоқда. Қолаверса, Қурбон ҳайити арафасида бу каби савобли ишларнинг кўлами кенгайиб бормоқда.

– Турмуш ўртоғим билан 5 нафар, 4 нафар ўғил, 1 нафар қиз фарзандларни вояга етказиб, оилали қилдик. 10 йил илгари турмуш ўртоғимдан ажраб қолдим, касаллиги туфайли 2002 йилда катта ўғлим,
2015 йилда иккинчи ўғлим вафот этди, фарзанд доғини душманимга ҳам раво кўрмайман, учинчи ўғлим эса ҳозир 2-гуруҳ ногирони. Ҳозир 2 хонали уйда 16 нафар жон яшаймиз, ёлғиз қизим ҳам ногирон. – дейди Бухоро шаҳар Жалол Икромий номли маҳаллада яшовчи, 1953 йилда туғилган Мўмина Шодиева. – Оиламиз қийналиб қолганида, маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар, саховатли инсонлар ёрдамини аямади, улар уйимнинг томини ёпиб беришди. Шаҳар ҳокимлиги ҳам оиламизни ўрганиб, бошланғич тўловини тўлаб бериб, қизимга шаҳримизда қурилаётган янги уйлардан 2 хонали уй беришди, ўғлимга эса 2 хонали ижтимоий уйлардан ажратди. Бундай ғамхўрлик учун аввало Президентимизга, Бухоро вилояти ҳокимлигига раҳматлар айтаман. Уйда ўтирганимда бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимлари уйимизга кириб келишди, улар менинг ҳолимни сўрашди, муаммоларим билан қизиқишди. Уларга ҳам юрт тинчлиги йўлида қилаётган хизматларига муваффақиятлар тилайман.

Булунғур тумани “Бешқўтон” маҳалла аҳолиси билан ўтказилаётган учрашувдан сўнг, ҳовлига чиққан узоқроқдан моҳирлик билан чалинаётган доиранинг овози Институт ходимларининг эътиборини тортди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулсун Асқарова “доира чалаётган йигит 18-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Элмурод Қорабоев бўлади. Мактабдаги тадбирлар-у, маҳалладаги турли давра суҳбатлари, кечалар
у сиз ўтмайди.”, – дея меҳмонларни у яшайдиган Ҳамид Олимжон номли кўча томон бошлади.

– Турмуш ўртоғим оламдан ўтгач анча қийналиб қолдим, бир хонали уйда ўғлим билан тураман, – дейди Элмуроднинг онаси Гулнора Қорабекова. – Ўғлим касалманд, ревматизм билан оғрийди, топганимни шунга сарфлаб ҳар олти ойда даволатаман. Сиз каби юрт посбонлари вақт ажратиб, холимиздан хабар олганингиз ва мушкулларимизни осон қилишга ёрдам бераётганларингиз учун миннатдорчилик билдираман. Айниқса, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан берилган бадиий китоблар фарзандимнинг китобхонлик маданиятини оширишга, дунёқарашини кенгайтиришга ундашига ишонаман. Чунки у адабиётга жуда қизиқади, санъатни қадрлайди.

Шунингдек, Институт ходимлари Бухоро вилояти Жондор тумани “Манқуфи” қишлоғида яшовчи кам таъминланган оила Назифа Солиева, Самарқанд шаҳар “Аҳиллик” маҳалласида яшовчи якка ёлғиз
Яшно Эгамбердиева, Булунғур тумани “Бешқўтон” маҳалласида яшовчи кам таъминланган Дилфуза Хўжааҳмедоваларнинг ҳам хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ҳолидан хабар олишди
.

Зеро, ушбу оилалар ва фуқароларнинг қалбига қулоқ солиш, дардини билиш, муаммоларини ечиш учун амалий кўмак бериш савобли ишдир.

alt

Халқимизга хос бундай эзгу қадриятлар ва савобли ишлар эса уларни қилган инсонга руҳан енгиллик бахш этади.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати

Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *