Ўқитувчиларни камситган, мажбурий меҳнатга жалб қилган ҳокими ўринбосари 22,3 млн сўм миқдорида жаримага тортилди

мая 28 / 2020
alt
Тошкент вилояти Бўка тумани ҳокими ўринбосари Анвар Хонтўраев ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига мажбурлагани учун 22,3 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
 
Қайд этилишича, 19 апрель куни Бўка тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Анвар Хонтўраев тумандаги 12-умумтаълим мактабида 53 нафар таълим муассасаси раҳбарлари ва маҳалла фаолларига йиғилиш ўтказган.
 
«12-мактаб директори М.Хакимованинг ўз вақтида томорқа бўйича аҳолини хатлов қилмаганлиги учун унинг касбий фаолиятига асоссиз аралашиб, унга тазйиқ ўтказиб, барчани олдида изза қилиб, шаъни ва қадр-қимматини камситиб, ҳуқуқларини поймол этиб ундан туман ҳокими номига тушунтириш хати ва жорий йилнинг 20 апрель кунидан ишдан бўшаш тўғрисида аризасини олган», — дейилади хабарда.
 
Бундан ташқари, 6−7 май кунлари ҳоким ўринбосари А.Б.Хонтўраев туманда фаолият юритаётган 15-, 16-, 18-, 24-, 50-умумтаълим мактаб директорларига тазйиқ ўтказиб, туман марказидаги «Ёшлар майдони»га директорлар ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарларини яъни 25 кишини майдонда ўсган ўтларни ўриш каби мажбурий меҳнатга жалб қилгани аниқланди.
 
Халқ таълими вазирининг Назорат-ҳуқуқий хизмати аралашуви билан Анвар Хонтўраевнинг Ўзбекистон президенти қарорларига зид ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатларга қонуний баҳо бериш учун вазирлик томонидан жорий йилнинг 15 май куни Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармасига юборилгани маълум қилинди.
 
Таъкидланишича, Тошкент вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси мазкур ҳолатларни қонуний ўрганиб чиқиб ҳоким ўринбосари Анвар Хонтўраевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси 1-қисми билан 22,3 млн. сўм жарима жазоси қўлланилган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *