ИИВ 51-сон манзил-колониясидаги маҳкумларнинг ойлигидан ушлаб қолинаётгани ва қочган маҳкум тўғрисида ахборот берди

авг 16 / 2019

alt

Ижтимоий тармоқларда 51-сон манзил-колониясида маҳкумларнинг ойлигидан ушлаб қолинаётгани ҳақида тарқатилган хабар ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Маълум бўлдики, Тошкент шаҳрида жойлашган 51-сон манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни фойдали меҳнатга жалб этиш мақсадида “UY JOY QURILIS” МЧЖ билан пудрат шартномаси тузилган.
 
Шартномага асосан, жамият томондан ҳар ой якуни бўйича маҳкумларга ҳақиқатда бажарилган иш ҳажмидан ҳамда тасдиқланган разряд ва базавий тариф ставкаларидан келиб чиқиб, 800 минг сўмдан 2,7 млн сўмгача бўлган миқдорда ойлик маоши ҳисобланиб келинмоқда. Меҳнатга жалб этилган маҳкумларнинг ойлик иш ҳақларидан ушланмалар фақат Меҳнат кодексининг 164-моддасига асосан (белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун) амалга оширилмоқда.
 
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қурилиш объектларида ишга жалб қилинган маҳкумларга ойлик иш ҳақлари белгиланган тартибда ҳисобланиб, уларнинг иш ҳақидан ноқонуний равишда ушланмалар амалга оширилишига йўл қўйилмаган.
 
Жиноят-ижроия кодексининг 89-моддасида жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларида ёки улардан ташқарида иш ўринларини ташкил этиш йўли билан, иш билан таъминланиши белгиланган.
 
Шунга асосан манзил-колонияларида сақланаётган маҳкумлар манзил-колонияларидан ташқарида, бошқа юридик ташкилотларга ўзаро тузилган шартнома асосида ишга жалб этилади.
 
Юридик ташкилотларга шартнома асосида ишга жалб этилган маҳкумларга Жиноят-ижроия кодексининг 92-моддасига мувофиқ меҳнат нормалари ва меҳнат вазифаларини бажарган тақдирда меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланади.
 
Солиқ кодексининг 305-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ягона ижтимоий тўловни (2019 йилнинг 1 январидан бошлаб ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоизни ташкил этади) тўловчилари ҳисобланади.
 
Бироқ, Жиноят ижроия кодексининг 96-моддасига асосан маҳкумларнинг иш ҳақидан давлат ижтимоий суғуртасига ажратмалар ажратилмаслиги белгиланганлиги сабабли, жазони ижро этиш колониялари ҳамда юридик ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномаларда юридик шахсларнинг маблағлари ҳисобидан маҳкумларга тўланадиган иш ҳақидан ташқари, ушбу иш ҳақининг 25 фоизигача бўлган миқдорда муассасанинг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига қўшимча тўловлар амалга оширилади.
 
Шу билан бирга, 51-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаган маҳкум О.Абдуллаев жазо ўташ тартиби ва шартларига, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор қоидаларига тўлиқ риоя қилиб келганлиги сабабли, муассаса раҳбарияти ва ходимлари томонидан эътирозлар билдирилмаган, жазони ўташ даврида унга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган.
 
Барча маҳкумлар каби маҳкум О.Абдуллаев ҳам фойдали меҳнатга жалб этилган ва 2019 йил 26 июль куни шартнома объектидан ўзбошимчалик билан номаълум томонга кетиб қолган.
 
Ҳозирги кунда унга нисбатан қидирув эълон қилиниб, ушлаш чоралари кўрилган.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *