Комил Алламжонов блогернинг телефонини олиб қўйган солиқчиларга чора кўрилиши кераклигини таъкидлади

июн 13 / 2019

 

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда «мижоз»идан реклама учун «хизмат ҳақи» олаётган блогерлардан бирининг солиқчилар томонидан телефонини олиб қўйилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. У 4 кундан буён телефонини ололмаётгани, «Инстаграм»даги саҳифасига кира олмаётгани, телеграм ва бошқа тармоқдаги ёзишмаларини ўқишаётганини айтган.
 
Турли муҳокамаларга сабаб бўлаётган ушбу пост бўйича Комил Алламжонов ўз муносабатини билдирди.
 
Унинг ёзишича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига солиқ идораси ходимлари блогер Азиз Ашурбаевнинг телефони ва унинг «Инстаграм» тармоғидаги саҳифаси олиб қўйгани ҳақида маълумот келиб тушган.
 
Давлат солиқ қўмитасидан ушбу ҳолатни ўрганиб, агарда инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зид бўлса, чора кўрилишини талаб қилинади.
 
— Солиқчиларимиз блогерларни солиққа тортиш ёки уларга қарши юқоридагидек зўравонлик қилишдан аввал тизимдаги коррупцияни йўқотиш, хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш каби энг долзарб муаммоларни ҳал этсалар, жамиятга ва иқтисодиётга кўпроқ фойда келтирган бўлар эдилар.
 
Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, юртимиздаги барча журналист ва блогерлар Агентлигимиз ҳимояси остида. Уларга нисбатан ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракатга қарши туришга тайёрмиз! — деб ёзади Комил Алламжонов.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *