Мингбулоқ тумани ҳокими жаримага тортилди

янв 10 / 2020

alt

2019 йил 27 декабрь куни “Facebook” ва “Telegram” ижтимоий тармоқларида “Мингбулоқ туман ҳокими фермерларни сўкиб ташлади” мавзусида тарқатилган аудиоёзувдаги ҳолатлар юзасидан Наманган вилоят прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилди, деб хабар қилади бош прокуратура матбуот хизмати.

Аниқланишича, 09.12.2019 йил соат 10-00да Мингбулоқ тумани, Меҳнатобод м.ф.й. ҳудудидаги “Гигант” муқобил машина трактор парки саройида Мингбулоқ туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев раҳбарлигида техника ва кузги-қишки агротехник тадбирлар юзасидан йиғилиш ўтказилиб, унда тумандаги “Гигант”, “Гулистон”, “Гулбоғ-1” ММТП

ҳудудлари раислари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси мавжуд фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этган.

Йиғилиш давомида туман ҳокими вазифасини бажарувчи Н.Худойбердиев “Гулистон дача” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси М.Халилов ва бошқа фермер хўжаликлари раҳбарларини қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирламаётгани, сусткашликка йўл кўйиб келаётганлари хусусида танбеҳ бериб, сўнг ҳақорат қилгани ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлиги аниқланган.

Текшириш натижасига кўра, Наманган вилоят прокуратураси томонидан Н.Худойбердиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси билан маъмурий ҳуқубузарликка доир иш қўзгатиш ҳақида қарор қабул қилиниб, маъмурий чора қўллаш учун тўпланган ҳужжатлар Мингбулок тумани маъмурий судига юборилган.

Мингбулок тумани маъмурий судининг 10.01.2020 йилдаги қарорига кўра, Н.Худойбердиев МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган шахс деб топилиб, унга нисбатан қайд этилган модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида, яъни 4 млн. 460 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *