Нега ўзимизда ишлаб чиқарилган пойабзалга талаб кам?

дек 14 / 2015

alt

Савол туғилади: ҳақиқатдан ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилаётган оёқ кийимлар сифатсизми? Наҳот, улар ўша чет элники билан рақобатлаша олмаса?

Шу каби саволлар билан “Оила даврасида” газетаси мухбири «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари Шарифжон ШЕРАЛИЕВга мурожаат қилди.

— Айтинг-чи, бугун мамлакатимизда қанча пойабзал ишлаб чиқарилади?

— Ҳар йили республикамизда жами 12 миллион жуфт пойабзал тайёрланади. Унинг қарийб 7,5 миллиони уюшмамиз ҳиссасига тўғри келади.

— Пойабзалнинг асосий қисми аҳолининг қайси қатламига мўлжалланган?

— Асосан эркаклар оёқ кийими кўп чиқарилмоқда. Ҳозир уюшма ва унинг таркибидаги корхоналар эркаклар оёқ кийимига бўлган талабни 70-80 фоизга қаноатлантирмоқда. Улар чет элникидан 30-40 фоиз арзон.

— Аммо айрим харидорлар бир хил дизайндаги маҳсулотни ўзимизникидан кўра, чет элникини қимматроққа бўлса-да, харид қилишни афзал билади. Маҳаллий маҳсулотни сотиб олишга нима монелик қилмоқда?

— Бу ерда ҳамма гап хорижий брэндга бориб тақалади. У маҳсулотнинг  2-3 баробар қимматлашишига олиб келади. Ушбу масалада тенгма-тенг рақобат қилиш мақсадида Италиянинг бир машҳур компанияси брэнди билан ишламоқчи бўлдик. Аммо улар бунинг учун жуда юқори шартларни қўйишди. Шу боис лойиҳа уюшмага тўғри келмади. Биз аввало, халқнинг истаги, талаби асосида иш юритишимиз лозим. Нарх-навони мўътадил ушлаб туришимиз керак.

— Дўконларимизда ўзимизда ишлаб чиқарилган аёллар ва болалар пойабзали жуда кам. Бу муаммонинг ечимини топишда қандай ишлар олиб борилмоқда?

— Аёллар ва болалар пойабзали ишлаб чиқарадиган корхоналаримиз йўқ эмас. Аммо бир йилда атиги юз минг жуфт аёллар пойабзали тайёрланади. Айни пайтда бу пойабзаллар аҳоли эҳтиёжининг 13 фоизини таъминламоқда. У ҳам бўлса, енгил оёқ кийимлари ҳисобига. Ҳозир ёзги ёки олди ёпиқ шаклдаги бошмоқлар четдан келмайди. Ҳаммасини ўзимиз ишлаб чиқарамиз.

Хушбичим, модага монанд туфли, этиклар ишлаб чиқаришда айрим муаммолар мавжуд. Бу, ўз навбатида, янги модельерлар, дизайнерлар, кадрлар масаласини ўртага қўяди. Буни ҳал этиш мақсадида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ўтган йилдан бошлаб қўшимча соҳалар очилди.

Ҳозир бу ерда технологлар, дизайнерлар, конструкторлар ва тери бўйича мутахассисликлар бор. Тез орада терини қайта ишлаш бўйича ҳам соҳа очилади.

— Ортопед шифокорларнинг таъкидлашича, кейинги пайтларда болалар ўртасида яссиоёқлик кўпайиб бормоқда...

— Айни шунинг учун болалар оёқ кийимини, айниқса, ортопедик пойабзалларни ишлаб чиқаришга катта эътибор берилади. Аслида, пойабзални кийишдан аввал, аҳолининг ўртача оёқ ўлчами аниқланади. Унинг структураси, тузилмасини билиш лозим. Ўзбекистон билан, дейлик, бошқа мамлакат халқининг оёқ ҳажми бутунлай фарқ қилади. Масалан, бизда эркакларнинг оёқ ўлчами ўртача қирқ икки бўлса, Хитойда қирқ-қирқ бирни ташкил этади. Аёлларимизники эса ўттиз саккиз ҳисобланса, у ерда ўттиз олти. Демак, улардаги пойабзалларнинг технологик тайёрланиш жиҳатлари бизга тўғри келавермайди.

— Жойларда уюшмага қарашли болалар учун махсус пойабзал дўкони борми?

— Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида элликдан ортиқ дўконда ўзимизда чиқарилган болалар пойабзали бор. «Ўзсаламан», «Пойабзаллар уйи», умуман кўп жойда маҳаллий товарларимиз сотилмоқда.

— Спорт оёқ кийимлари асосан хорижий брэндларники. Уларни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкинми?

— Бу жуда мураккаб жараён. Биринчидан, ҳар бир спорт турига алоҳида кроссовка тайёрлаш керак. Иккинчидан, унинг қатъий талаби бор: дунё стандартига жавоб бериши лозим. Улар алоҳида сотиб олинади. Аммо мактаб ўқувчилари учун мўлжалланган спорт пойабзаллар етарлича. Буни Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан келишилган ҳолда тайёрлаб келмоқдамиз.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *