• Бугун: Чоршанба, декабр 12, 2018

Нон нархи оширилганига изоҳ берилди

сен 17 / 2018

Хабарингиз бор, 15 сентябрдан Ўзбекистонда қолипли (“буханка”) нон эркин бозор нархи бўйича сотилиши белгилангач, унинг нархи 1200 сўмга ошди. 

“Тошкентнон” ишлаб чиқарувчилар уюшмаси "Халқ сўзи" нашрига истеъмолдаги энг муҳим озиқ-овқат маҳсулоти нархининг бирданига салкам икки баробарга қимматлашиб кетиши сабабларини маълум қилди.

— Ҳозирги пайтда уюшмамиз томонидан кунига ўртача 500-550 тонна нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда, — дейди “Тошкентнон” уюшмаси бош ҳисобчиси Руслан Мусретов. — Нон нархининг кўтарилиши эса, аввало, ишлаб чиқариш таннархига боғлиқ. Чунки шу кунга қадар биринчи навли уннинг 1 килограммини 930 сўмдан сотиб олардик. Шунинг ҳисобига битта қолипли нон ишлаб чиқариб, то у савдо дўконига етказиб берилгунига қадар таннархи 591 сўмга тўғри келарди. Айни пайтда бу кўрсаткич ўртача 1000 сўмни ташкил этмоқда. Сабаби, уннинг баҳоси ҳам кўтарилиб, 1 килограммини 1400 сўмдан харид қиляпмиз. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сонли қарори билан белгиланган бўлиб, нарх-наво жорий йилнинг ноябридан яна ошиши мумкин.

Дарҳақиқат, Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб 1 килограмм буғдой унининг улгуржи нархи 1400 сўм миқдорида белгиланди. Ушбу ҳужжатда мазкур нархни 1 ноябргача бекор қилиш ҳам кўзда тутилган. Негаки, эндиликда қолипли нон талаб ва таклиф асосида шакллантириладиган эркин бозор нархи бўйича сотилади.

Таъкидлаш керакки, бу жараёнда аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларини қоплаш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик пул компенсацияси тўланади. Бу янгилик амалиётга шу йилнинг 1 октябридан жорий этилади.

Бундан ташқари, қарорда 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланган нафақа тўланиши ҳам ўз аксини топган. Энг асосийси, бозорда дон ва ун нархлари кескин ўзгаришининг олдини олиш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб, зарурат туғилганда давлат захирасидан дон чиқарилиши боғлиқ чора-тадбирлари кўрилиши кўзда тутилган.

Айримлар нарх-навони жорий мавсумда ғалла ҳосили мўлжалдагидан кам бўлгани оқибати билан боғламоқда. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин?

“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси мутасаддиларига мазкур саволга қуйидагича жавоб беришди:

— Бу каби гап-сўзлар асоссиз. Чунки компаниямиз тизимидаги корхоналарда ўтган йилдагидан кам бўлмаган миқдорда буғдой қабул қилинди. Улар сифатли сақланиб, пешма-пеш қайта ишланмоқда. Мамлакатимиз аҳолиси эҳтиёжига яраша буғдой жамғарилган. Ун етказиб беришда узилишлар рўй бермайди.

Донни қайта ишловчилар, нон тайёрлаш корхоналари ишчилари билан суҳбатлашар эканмиз, улар уннинг нархи охирги марта 2014 йилда ошгани таъкидлашмоқда. Орадан тўрт йил ўтиб, битта нон баҳосининг бир литр газланган сув нархига яқинлашганини “нормал ҳолат” дея қабул қилишаётир. Яна улар амалиётга эркин бозор нархи қўлланилишини ишлаб чиқариш корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги муҳим қадам, дея баҳолашяпти.

Чиндан ҳам, масалага бозордаги бугунги реал ҳолатдан келиб чиқиб ёндашадиган бўлсак, қолипли нонга ўрнатилган нарх унчалик ҳам баланд эмаслигига амин бўламиз. Ахир, хархаша қилаётган фарзандимиз учун оддий хўрозқандни ҳам 1000-1500 сўмга сотиб оляпмиз-ку?! Аммо оддий ҳақиқат шуки, сувга чанқаган одамгина эҳтиёж сезади. Нон эса ҳар қандай оила кундалик харид рўйхатининг бошида туради. Шу маънода, аҳолининг нон нархига билдираётган муносабатларини тўғри қабул қилмасдан илож йўқ. Зеро, муҳим истеъмол товарлари, хусусан, ноннинг баҳоси аҳоли харид қобилияти даражасига ҳар томонлама мос бўлиши мақсадга мувофиқдир.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *

Мулоҳазалар