Пропан нархи нега ошди?

июн 28 / 2019

alt

Шу кунларда Самарқандда автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаларида (пропан) ёқилғи нархи 2600-2700 сўмдан 3600 сўмгача кўтарилди. "Зарафшон" нашри ҳеч қандай огоҳлантиришсиз суюлтирилган газ нархининг кескин кўтарилиши сабаби ва бунга соҳа мутасаддилари изоҳини келтиради.
 
Фурқат ЮЛДАШЕВ,Товар хомашё биржаси вилоят филиали директори ўринбосари:
 
- Биз маҳсулотлар нархини белгиламаймиз, аксинча нарх талаб ва таклифдан келиб чиқиб юзага келади. Суюлтирилган газ нархининг кўтарилиши ишлаб чиқарувчиларнинг савдога кам маҳсулот чиқариши билан боғлиқ. Ишлаб чиқарувчилар йилнинг биринчи чорагида кўп миқдорда маҳсулот таклиф этишди ва нарх барқарорлиги сақланди. Мисол учун, “Лукойл” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ҳафтасига 2 минг тоннагача суюлтирилган газни биржа савдосига чиқарган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ҳафтасига 200 тоннани ташкил этмоқда. “Шўртангаз” корхонаси эса ҳафтасига 500 ўрнига 200 тонна маҳсулотни сотувга чиқаряпти. Маҳсулот кам бўлгач талаб ошиб боряпти.
 
Ҳозирда “Лукойл” қўшма корхонаси 1050 сўмдан, “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамияти 1160 сўм, “Муборакнефтгаз” масъулияти чекланган жамияти 2345 сўм, “Муборак” ГТЗ масъулияти чекланган жамияти 532 сўм, “Шўртангазохимкомплекс” корхонаси 580 сўмлик бошланғич нархда суюлтирилган газни биржа савдоларига чиқармоқда.
 
Биржа савдоларига қўйилган суюлтирилган газнинг 1 килограми 6 минг сўмдан ошди, жойлардаги шохобчалар эса унинг 1 литрини 3,5 минг сўмдан ортиқ нархда сотишмоқда. Республика бўйича оладиган бўлсак, энг юқори талаб Самарқанд, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Чунки, бу ҳудудларда автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчалари кўп ва талаб юқори. Шу боис ушбу вилоятларда юқори қийматли нарх таклиф қилинмоқда.
 
 Ҳайдар ОЧИЛОВ, ҳайдовчи:
 
- 35 йилдан буён ҳайдовчилик қиламан. Ёқилғи танқислиги янгилик эмас. Авваллари бензинда “юрардик”, узундан-узун навбатларда туриб ёқилғи олганмиз. Лекин ёқилғи танқис бўлган пайтда ҳам айрим олибсотарларни айтмаса бензин шохобчада нарх бир хилда сақланарди. Кейин қачон нарх ошади, қанчага ошади, аввалдан маълум бўларди. Бугун бошқа, эртага бошқа нарх кўрсатиляпти. Бунда режали ишлаб бўладими? Ахир газни бошқа давлатдан сотиб олмаётган (импорт қилмаётган) бўлсак, табиий бойлигимиз бўлса, нега кутилмаганда нарх бундай ошиб кетди. Бензин учун давлат томонидан нарх чегараси белгилаб берилган бўлса нега газ учун ҳам чегара белгиланмаган. Нарх-навонинг бундай кескин ўзгариши ҳайдовчиларгагина эмас аввало, халққа жабр бўлмоқда. Шу масалаларни ҳам тартибга солиш фурсати етгандир.
 
 Икром МАХСУМОВ, “Ўзнефтгазинспекция” вилоят бўлими бошлиғи:
 
Вилоятда 289 та суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси рўйхатдан ўтган бўлса ҳозирда шулардан 277 таси фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳам аксарияти фаолиятини вақтинча тўхтатиш арафасида турибди. Чунки товар хомашё биржасида 1 килограмм суюлтирилган газнинг нархи 6100 сўмга тенг бўлди. Тадбиркор буни шохобчада литрлаб сотганда 3300 сўмга тушади, бу нархга 270 сўмдан истеъмол солиғи ҳам қўшилади. Яна транспорт харажати, ишчилар маоши ҳам бор. Бунинг устига тадбиркор фойдасини ҳам қўшиб маҳсулот таклиф этса, бозор буни кўтармайди. Суюлтирилган газни биржа савдоларига кам чиқарилаётганига яна бир сабаб экспортнинг ортгани ва аҳоли эҳтиёжи учун йўналтирилгани билан боғлиқ. 4-5 йил аввал вилоятимизда аҳоли эҳтиёжи учун жами 5-10 минг тонна суюлтирилган газ бериларди, холос. 2018 йилда эса аҳолига 48 минг тонна суюлтирилган газ берилди. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида бу кўрсаткич 28 минг тоннага етди ва йил якунигача 60 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Бир йилда вилоятимизда суюлтирилган газга талаб шунча ортганини ҳисобга олсак, республика бўйича бу катта миқдорни ташкил этади. Мисол тариқасида оладиган бўлсак бир кунда ўртача 200-210 мингта маиший газ баллонлари орқали аҳолига суюлтирилган газ тарқатилмоқда. Аҳолига етказилаётган суюлтирилган газ нархи ошиб кетмаслиги учун биржа савдоларига қўйилмасдан 1 килограми учун 950 сўмдан белгиланган нарх бўйича етказиб берилмоқда.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *