"Ҳудудий электр тармоқлари" баёноти: Электр ҳисоблагичлар кўпайтириб қайд этаётгани ёлғон

авг 16 / 2019

alt

Ижтимоий тармоқларда оммавий равишда ўрнатилаётган янги электр ҳисоблагичлар кўрсаткичларини кўпайтириб қайд этаётгани ҳақидаги эътирозлар учрамоқда. Бу борадаги турли низоли вазиятлар юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” махсус баёнот билан чиқди.
 
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар Сергели тумани 2-даҳада жойлашган 12 қаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи истеъмолчи “Потребитель.уз” сайтида видеоролик жойлаштириб, “Ҳисоблагич ўта кўп миқдорда ҳисоблаяпти”, деб шарҳ қолдирган. Бунга жавоб тариқасида 2019 йил 9 август куни соат 10:00 да “Электрон ҳисоблагич” масъулияти чекланган жамиятининг ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари Қ.Нурматов, “Тошкент шаҳар ЭТК” директори Д.Имомов, Сирғали тумани ҳоким ўринбосари Б.Тўхаев, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассиси Н.Нурмуҳамедов иштирокида “таққослаш тажрибаси” ўтказилиб, қайд этилган натижалар бўйича истеъмолчига тўлиқ тушунтириш берилди. Истеъмол қилинган электр энергияси тўғри ҳисобланаётгани тўлиқ тасдиқланди. Бу жараёнда иштирок этган фуқаро С.А. Бунга иқрор бўлиб, узр сўраб, сайтда бу ҳақда шарҳ қолдиришга ваъда берган.
 
“Аммо истеъмолчининг янги шарҳига сайт администратори тақиқ қўйгани боис маълумотни жойлаштириш имкони бўлмаган. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги гуруҳ модераторлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олган бўлсалар-да, сайтлар администраторлари йўл қўймаётганликлари сабабли бу борадаги фикрларини жойлаштира олмаяпти”, дея изоҳ берди “Ҳудудий электр тармоқлари” матбуот хизмати.
 
“Ҳудудий электр тармоқлари” кучайтирилган тартибда ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, ҳар бир мурожаат жойига бориб ўрганилмоқда. Ўрганишлар натижасида, охирги вақтда 300 та мурожаат (уларнинг катта қисми ижтимоий тармоқлар орқали олинган) келиб тушган бўлиб, улардан 50 га яқини ўрганиб чиқилган. Эътиборлиси, мурожаатларни ўрганиш жараёнида биронта ҳисоблагичда носозлик ҳолати аниқланмаган. Бунга ҳар бир истеъмолчи ўзи амин бўлаётганини келтиришимиз мумкин.
 
“Афсуски, Потребитель.узда ёлғон маълумотлар тарқатилиши ҳолатлари ҳам кузатилди. Хусусан, Юнусобод тумани, Минор маҳалласи, Носирова кўчаси, 61 уйда истиқомат қилувчи Ж. Р “Илгари 300 кВт сарфлардик, ҳозирда камида 800 кВт бўляпти (манзил ва телефон рақами бор)”, деган мазмунида шарҳ қолдирган. Аслида эса, унинг хонадонига электр энергиясини ҳисобга олувчи янги ҳисоблагич ўрнатилмагани маълум бўлди. Шуни қайд этишни истардикки, ижтимоий тармоқларда шарҳ қолдирган 6 нафар истеъмолчи ҳисобга олишни жойида ўрганиш бўйича текширувларимизда кўнгилли сифатида иштирок этишдан бош тортди.
 
Бундан ташқари истеъмолчига аввалги ҳисоблагичларга нисбатан ҳозирда ўрнатилаётган ҳисоблагичлар аниқлик даражаси, сезгирлиги юқори эканлиги яъни янги ўрнатилган вақтдаги индукцион ҳисоблагичлар аниқлик даражаси ± 2,5% бўлиб, йиллар давомида фойдаланилиши натижасида - 10% дан юқорилиги амалиётда кўп кузатилган. Дастлабки ишлаб чиқарилган электрон ҳисоблагичлардан ҳам аниқлик даражаси юқорилиги боис ушбу ҳисоблагичлар жуда кичик қувватли ускуналар истеъмолини ҳам ҳисоблаш имкониятига эга. Мисол учун, қўл телефонларини зарядлаш қурилмаси, видео камера қурилмалари, компютерларнинг “уйқу” режимидаги ёритгичлар қуввати ёки доимий равишда ёниб турувчи телевизор “қизил” чироғи ҳамда телевизор ички қисмида ва бошқа ускуналардаги 220 V кучланишни 3/12 V қилиб берувчи мини трансформатор истеъмолини ҳисоблаш имкониятига эга эканлиги истеъмолчиларга тушунтирилди. Ҳисоблагич орқали “қидириш” тугмасини 2 маротаба босган ҳолда истеъмол қилинаётган қувватни, 5 маротаба босган ҳолда кўрсаткичларни ҳар ойда кўриш мумкинлиги ҳам қўшимча тарзда кўрсатиб берилмоқда.
 
Юқоридаги барча тушунтириш ишларидан ҳам қониқмаган тақдирда, истеъмолчи исталган бошқа русумли ҳисоблагични (қиёсловдан ўтган/қасддан кам ҳисоблайдиган ҳисоблагичлар ўрнатиш ҳолатлари бундан мустасно) ушбу ҳисоблагичдан кейин параллел равишда улаган ҳолда оддий услуб билан ойлик истеъмолини солиштириб ҳар ойда таққослаши мумкинлиги бунинг учун эса энергия таъминоти рухсати ва тамға ўрнатилиши талаб этилмаслиги тушунтирилмоқда.
 
Айни вақтда ҳисоблагичлар ўрнатишда бирор бир англашилмовчилик ёки тамагирлик ҳолатлари кузатилаётган бўлса, шунингдек, ушбу ҳисоблагич билан боғлиқ муаммо бўлса ёки манфаатларингиз камситилаётган бўлса, “Ҳудудий электр тармоқлари”нинг 71-233-01-28, 78-150-75-64 рақамларига ёки Telegramʼдаги “Hududiyelektrtarmoqlari” AJ bilan muloqot” канали орқали ҳам ўз мурожаатларингизни йўллашингизни сўраймиз”, дейилади баёнотда.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *