Шаҳарда яшайдиган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам қишлоқ ҳудудидан арзон уй-жой олиши таклиф қилинмоқда

мар 06 / 2019

alt

Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар юзасидан айрим қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси Ҳукумат порталига жойлаштирилган. Шу кунларда қарор лойиҳаси муҳокамаси қизғин давом этмоқда ва фуқароларнинг таклифлари ўрганилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Мазкур қарор лойиҳаси билан амалга киритиш таклиф қилинаётган янгиликлар юзасидан маълумот олиш мақсадида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Қишлоқ қурилишини кредитлаш департаменти бошлиғи Зулайҳо Жўраева ва Юридик департамент бошлиғи Эркин Атабаевларга мурожаат қилдик.

– Намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойларга доир қабул қилинган Ҳукуматнинг айрим қарорларига қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф қилинмоқда?

Э.Атабаев: Ҳукумат қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар 2018 йил давомида Президентимизнинг ушбу соҳадаги қарорлари ижроси юзасидан қабул қилинаётган бўлиб, улар асосан 4 та йўналишни ўз ичига олади.

Муҳим жиҳатлардан бири бу - “арзон уй-жой” тушунчасининг ўзгариши. Агарда эътибор қилсангиз, 2017 йилдан бошлаб Дастур доирасида қурилаётган қишлоқ жойдаги 2 хил тоифадаги уй-жойлар, яъни икки ва уч қаватли уйлардаги квартиралар ва 0,02 га ўлчамли ер участкаларида бир қаватли уйлар арзон уй-жойлар тоифасига киритилган эди.

Киритилаётган ўзгартиришларга кўра, Дастур доирасида қурилаётган бошқа уй-жойлар, жумладан, 4 ва 6 сотихли ер участкаларида қуриладиган уй-жойлар ҳам эндиликда (расман 2018 йилдан бошлаб) арзон уй-жойлар ҳисобланади. Бунинг сабаби, бу уй-жойларнинг қурилишини амалга оширишнинг бутун босқичлари ва қоидалари, жумладан, улардаги иштирокчиларга қўлланадиган солиқ ва божхона имтиёзлари, ажратиладиган кредитларнинг муддатлари ва фоиз ставкалари бир хил ҳисобланади.

Шунга мувофиқ, қарор лойиҳасида “арзон уй-жой” тушунчасига доир ўзгаришлар таклиф қилинмоқда.

alt

З.Жўраева: Қарор лойиҳасидаги янгиликлардан яна бири бошланғич бадал суммаларининг ўзгаришидир. Дастур доирасида қурилаётган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп хонадонли (2 ва 3 хонали) уй-жойлар, 0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун бошланғич бадални уй-жой смета қийматининг камида 15 фоизидан камида 10 фоизигача камайтириш назарда тутилмоқда.

Якка тартибдаги қурувчига доир берилган тушунчаларнинг ўзгариши ҳам фуқароларимизни қизиқтирадиган муҳим янгилик дейиш мумкин. Амалда бўлиб турган таҳрирга кўра якка тартибдаги уй-жой қурувчи сифатида қишлоқ жойда яшайдиган фуқароларгина қишлоқ жойларда қурилаётган уй-жойларни олишга буюртма бериши мумкин.

Эндиликда асосан шаҳар ҳудудларида уй-жой қурилишини амалга оширишга қаратилган “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” Дастурлари бирлаштирилган ҳамда бир-бирига боғланган ҳолда амалга оширилишидан, шу жумладан, арзон уй-жойлар ҳам қишлоқ, ҳам шаҳар жойларда қурилишидан келиб чиқиб, “қишлоқ жойда яшайдиган” деган жумлани чиқариб ташлаш таклиф қилинмоқда.

Шу ўринда шаҳарларда яшовчи фуқаролар қишлоқ ҳудудларида қурилаётган уй-жойларга чекловларсиз буюртма бериши мумкинми, деган савол кўпчиликни қизиқтириши табиий. Маълумки, “Обод қишлоқ” Дастури доирасида кўплаб шаҳарлар атрофида ҳам намунавий уй-жойлар қурилди ва қурилмоқда. Таклиф этилаётган ўзгартиришлар қабул қилинса, шаҳарларда истиқомат қилаётган фуқаролар ҳам қишлоқ жойлардаги арзон уй-жойларга талабгор бўлиши мумкин.

Уй-жойларга талабгор фуқароларни аниқлаш ва уларга тавсиянома бериш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарори билан алоҳида Низом тасдиқланган бўлиб, бу Низомда талабгорларни аниқлаш қоидалари ва мезонлари белгилаб берилган. Ушбу Низомда ваколатли қилиб тайинланган Комиссия ҳар бир ҳудудда қурилаётган уй-жойларнинг миқдори ва мавжуд талабгорларнинг сонидан ва уларни танлаб олиш қоидаларидан келиб чиқиб бу масалани ҳал қилишга ваколатли ҳисобланади.

Э.Атабаев: Қарор лойиҳасида яна бир эътиборга молик жиҳат бор. Дастур доирасида қурилаётган уй-жойларнинг Ўзбекистон Республикасида доимий ва муқим яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам ажратилишига шароит яратиш мақсадида амалдаги тартибда қўлланилаётган “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари” сўзларини “Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахслар” сўзларига алмаштириш таклиф қилинмоқда. Бу таклифлар кейинги йиллар амалиёти ва ҳудудлардан келиб тушаётган мурожаатлар асосида киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасида шу каби янгиликларни амалга киритиш таклиф қилинмоқда. Ҳукумат порталида эълон қилинган бу ҳужжат лойиҳаси бўйича таклифлар Иқтисодиёт вазирлиги томонидан умумлаштирилаётган бўлиб, тегишли қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилиниб, таклифлар маъқулланганидан сўнггина бу таклифлар қабул қилинган ҳисобланади.​

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *