Шавкат Мирзиёев Абдухолиқ Ғиждувоний мақбарасини зиёрат қилди

мар 30 / 2019

alt

Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Ғиждувон туманига ташриф буюрди.  Абдухолиқ Ғиждувоний мақбараси зиёрат қилиниб, Қуръон тиловат этилди.

Давлатимиз раҳбари бу масканларни обод қилиш билан бирга «Етти пир» ҳақида китоб яратиш, уларнинг илмий меросини тарғиб этиш зарурлигини таъкидлади.

– Бундай маънавий хазина бошқа ҳеч қаерда йўқ. Бу хазинани мукаммал ўрганиш, одамларга, ёшларга осон тилда етказиш керак. Мақсадимиз – ёшларимиз ўзимизнинг алломаларга эргашсин, меросини билсин, улар билан фахрлансин, – деди Президент. 

alt

Шунингдек, давлатимиз раҳбари Ғиждувон туманидаги “Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамиятининг ип-йигирув ва тўқув корхонаси фаолияти билан танишди.

“Парвоз Ҳумо Равнақ Транс” масъулияти чекланган жамияти томонидан собиқ фабриканинг 9 гектардан зиёд майдонида йирик лойиҳа – ип-йигирув корхонаси ташкил этилди. Умумий қиймати 27 миллион АҚШ доллари бўлган фабрика учун Ипотека банк филиалидан ажратилган кредит эвазига Германия, Туркия, Швецария ва Япониядан замонавий ускуналар харид қилинди. Масъулияти чекланган жамияти ўз маблағи ҳисобидан бино ва иншоотларни қайта қуриб, реконструкция қилди.

Жорий йил январда ишга туширилиб, 350 та иш ўрни яратилди. Корхона йилига 9400 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 5 миллион долларлик экспорт қилиш қувватига эга.

alt

Халқаро андозаларга мос сифатли маҳсулот ички бозор ва хорижий буюртмачиларга етказиб берилмоқда. Қарийб 33 миллиард сўмлик ип-калава сотилиб, 1,1 миллион долларлик маҳсулот Россия, Туркия, Польша ва Молдова давлатларига экспорт қилинди. Айни пайтда корхона Туркияда савдо уйини ташкил этиб, маҳсулот экспорти бўйича хорижий шериклар билан музокаралар олиб бормоқда. 

Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, иккинчи босқичда ишлаб чиқариш қуввати янада кенгайтирилиши, экспорт йилига 51 миллион долларга, иш ўринлари 1 минг 250 тага етказилиши режалаштирилган.

alt
Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. 

Давлатимиз раҳбари яқинда АҚШ Ўзбекистон пахтасини сотиб олишга тақиқни бекор қилгани, бу мамлакатимиз пахта етиштирувчиларини Америка бозорига тўлақонли киришига, хорижий нуфузли компаниялар билан бизнес алоқаларни кенгайтиришига йўл очиб берганини таъкидлади. 

Эндиги навбат – биз пахтамизни чуқур қайта ишлаб, қўшилган қийматли маҳсулотлар экспортини янада ошириш чораларини кўришимиз зарур, деди Шавкат Мирзиёев. 

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг  

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *