Сирдарёда 4 ёшли боласи вафот этган ота икки шифокорни пичоқлади

июл 11 / 2019
 
Сирдарё вилоятида иш вақтида икки шифокорга суиқасд уюштирилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.
 
Маълум қилинишича, филиалнинг шошилинч болалар бўлимига 8 июль куни 2015 йилда туғилган, бемор М.С. «Ўткир респиратор касаллик. Гипертермик синдром» ташхиси билан оғир аҳволда ётқизилган. 10 июль куни беморда безовталик, кўнгил айниб қайт қилиш кузатилган. Врач-педиатр Н.Эсанова  томонидан бемор зудлик билан болалар реанимация бўлимига олиб чиқилиб, реанимацион муолажалар кўрсатилган. Шунга қарамасдан соат 12:10 да беморда биологик ўлим кузатилган.
 
Бу ҳақда ота-онасига хабар берилгач, соат 14:30 лар атрофида боланинг отаси пичоқ билан филиалнинг болалар реанимацияси шифокори А.Р. ва вилоят болалар қўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар реанимацияси шифокори А.Б.га қасддан жароҳат етказган. Врач А.Р.га тиббий ёрдам кўрсатилиб, жароҳатига чоклар қўйилган. Врач А.Б.нинг бош қисми санчилиб кесилган жароҳатига чоклар қўйилиб, госпитализация қилинган.
 
Воқеа тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган бўлиб, бугунги кунда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
Филиал директори С. Худойбердиевнинг қайд этишича, сўнгги пайтларда  бу каби ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Жумладан, 3 апрель куни Тез тиббий ёрдам навбатчи фельдшери М.Комилов чақирувга борган вақтида бемор ва унинг қариндошлари томонидан сабабсиз равишда ҳақоратланиб, тез тиббий ёрдам машинасининг ойнаси синдирилиб, моддий зарар етказилган. Худди шундай ҳолат 8 май куни ҳам кузатилган бўлиб, соат 18:30 да Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси шифокори М.Акромовага бемор ва унинг қариндошлари томонидан қасддан тан жароҳати етказилган.
Ресупублика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги филиалларида 2018 йил ва 2019 йилнинг ўтган олти ойи давомида 50 дан ортиқ тиббиёт ходимларига бемор ва унинг қариндошлари томонидан ноқонуний тажовуз қилиниши билан боғлиқ қонунбузарликлар содир этилган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамиятимизда фуқароларнинг шифокорларга тажовуз қилиш каби ҳолатларнинг кўпайиб кетаётганини ҳисобга олиб, яна бир бор, ушбу иллатнинг олдини олишнинг энг самарали йўлларидан бири сифатида тиббиёт ходимига нисбатан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун қатъий жавобгарликни кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам айни кунларда вазирлик Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш устида ишламоқда», дейилади вазирлик хабарида.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *