ССВ Фарҳод деҳқон бозорида «тез ёрдам»нинг кечикиши оқибатида бемор вафот этгани ҳақидаги хабарга изоҳ берди

июн 13 / 2019

 

Шу кунларда «Фарҳод» деҳқон бозори ҳудудида кекса ёшли бир аёлнинг тоби қочгани ва чақирилган «тез ёрдам» кечикиб келгани туфайли бемор шифохонада вафот этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот берди.
 
8 июнь куни соат 10:24 ва 10:34 оралиғида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call марказига алоҳида-алоҳида иккита қўл телефонидан қўнғироқ бўлади ва улардан бири ёши 50-60, иккинчиси 60-70лар оралиғида аёлнинг «Фарҳод» деҳқон бозори ҳудудида соғлиғи ёмонлашганини маълум қилади. Ушбу маълумот зудлик билан Учтепа тумани 4-подстанциясига етказилиб, воқеа жойига «тез ёрдам» жўнатилади.
 
Навбатчи диспетчер вазиятни ўрганиш мақсадида соат 10:44 ларда қўнғироқ қилганида «тез ёрдам» манзилга етиб бориб, беморга биринчи ёрдам кўрсатаётган бўлади.
 
Бироқ, соат 10:59 да «Фарҳод» бозоридан яна телефон бўлиб «тез ёрдам» кутишаётганини маълум қилишади. Шунда бозор ҳудудида иккита бемор борлиги маълум бўлади ва зудлик билан бошқа «тез ёрдам» бригадаси жўнатилади. Аммо, «тез ёрдам» боргунича бемор йўловчи машинада шифохонага олиб кетилади.
 
«Бозорлар, чорраҳалар, жамоат жойларида бирор бахтсиз ҳодиса рўй берса ёки кимнингдир тоби қочиб қолса, одатда воқеага гувоҳ бўлган йўловчилар ‘тез ёрдам’ чақиради. Бундай мурожаатларда кўпинча тез тиббий ёрдамга муҳтож беморлар бозорнинг ёки чорраҳанинг қайси бурчагида эканлиги аниқ кўрсатилмайди. Аксарият ҳолларда телефон қилган одам ҳам воқеа жойидан кетиб қолади. Натижада ‘тез ёрдам’ машинаси беморни тополмай овора-ю сарсон бўлади, бемор топилгунча анча вақт йўқотилади. Кўпчилик ҳолларда бундай чақириқларда беморларни топиш имконияти бўлмайди» — дейди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Даврон Султонов.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *