ССВ Ўзбекистонда қизамиқ касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабарларга ойдинлик киритди

авг 06 / 2019

alt

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот сайтларида тарқалган “Самарқандда қизамиқ тарқалмоқда” материали юзасидан баёнот берди.
 
Қайд этилишича, 2019 йил январдан 5 августгача бўлган муддатда Самарқанд вилоятида 419 та ҳолатда қизамиққа гумон қилинган бўлиб, улардан 29 нафарида касаллик тасдиқланган. ЖССТнинг хулосасига кўра, мамлакатимизга қизамиқ вируси бошқа давлатлардан кириб келганлиги тасдиқланди. 2018 йилда республика бўйича қўшимча профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар натижасида 22 310 нафар киши қизамиқ касаллигига қарши эмланди. 
 
Самарқанд вилоятида касалликни келиб чиқишининг асосий сабаби ҳам қизамиққа қарши эмланмаган чет эллик фуқаролар бўлган. Аҳоли орасида ушбу касалликнитарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш мақсадида улар билан мулоқотда бўлган 11101 нафар шахс эмланган. Ўлим ҳолатлари умуман қайд этилмаган.
 
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти(ЖССТ) хабарига кўра, Европанинг қатор давлатларида сўнгги  икки йил давомида қизамиқ касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш вазият сақланиб қолинмоқда. Ушбу касалликдан ўлим кўрсатгичлари ўтган йилда мазкур ҳудудда 72 та ҳолатда қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳолатнинг юзага келишига асосий сабаб – бу эмлашдан воз кечиш ва натижада аҳоли орасида эмлаш билан қамраб олиш даражасининг камайишидир. Шунинг учун ҳам, 2019 йилда қизамиқ касаллиги бўйича ҳолат нафақат Европа, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам нохуш вазият кузатилмоқда.
 
Ўзбекистон Республикасига 2017 ва 2018 йилларда ЖССТнинг “Қизамиқ ва қизилча касаллигининг элиминацияси” яъни, ушбу касалликларнинг маҳаллий тарзда тарқалишининг тўхтатилганлиги тўғрисида халқаро сертификати берилган. Унга мувофиқ, мамлакатимиз учун индикатор кўрсаткичи 100 минг нафар аҳоли сонига нисбатан  2 та ҳолатда касаллик тасдиқланиб, рўйхатга олиниши мумкин. Ҳозирда бизда бундай ҳолат кузатилмаяпти. Қолаверса, айни пайтда элиминацияни, яъни қизамиқ тарқалишининг тўхтатилганлик ҳолатини сақлаб қолиш борасида барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва ўчоқларини тўлиқ бартараф этиш мақсадида қўшимча равишда 100 минг доза қизамиқ вакцинаси олиниб, эмлаш учун жойларга етказилди. Шунингдек, қизамиқ касаллигини ўз вақтида аниқлаш, тарқалиб кетишининг олдини олиш ва даволаш ҳамда болаларни вакцина профилактикаси билан қамраб олиш мақсадида эпидемиологик назорат кучайтирилди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *