Тўйдан ортган овқатни уйга олиб кетиш оқибати... Самарқанддаги тўйда оммавий заҳарланиш кузатилди

сен 17 / 2019

alt

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги тўйхоналардан бирида оммавий заҳарланиш рўй бергани ҳақида хабарлар тарқалди.

Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази оммавий заҳарланишга изоҳ беришича, жорий йил 16 сентябрь куни соат 16:10 дан соат 18:30 га қадар Самарқанд вилоят юқумли касалликлар шифохонасига турли хонадонларда яшовчи 7 нафар фуқаро бир хил клиник белгилар - кўнгил айниш, қайт қилиш, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиш, тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда ҳолсизлик билан мурожаат қилишган ва уларга шифохонада овқат токсикоинфекцияси енгил ва ўрта оғир даражаси ташхиси қўйилиб, шифохонага ётқизилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилишича, барча беморлар 14 сентябрь куни  кечки вақтда Регистон кўчасида жойлашган “Мўъжиза” ресторанида ўтказилган тўйда иштирок этиб, тўйдан сўнг ортиб қолган гўшт ҳамда айрим озиқ-овқат маҳсулотларини уйларига олиб кетишган. Улар бу таомларни хонадонларида тўйнинг эртаси куни, яъни, жорий йил 15 сентябрь куни тушликда ва кечки овқатда истеъмол қилишган.

Беморларда 15 сентябрь куни кеч соат 18:00 ларда кўнгил айниши ва қайт қилиш каби клиник белгилар билан касаллик бошланган. Айримлари уй шароитида муолажа ўтказишган, аҳволи яхшиланмагач, “тез тиббий ёрдам”га мурожаат қилишган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтга қадар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 17 нафар бемор мурожаат қилган. Уларга овқат токсикоинфекцияси енгил ва ўрта оғир даражаси ташхиси қўйилиб, 11 нафари ётиб даволанаяпти, аҳволи яхши. Қолган 6 нафарининг аҳволи яхшилангач, уйига рухсат берилган.

Беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратига олинган бўлиб, малакали шифокорлар томонидан даволаш ишлари олиб борилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *