"Тиббиёт қурилиш" УК мансабдорлари 2,3 млрд. сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди

ноя 20 / 2019

alt

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Тиббиёт қурилиш” инжиниринг давлат унитар корхонасининг 2016-2019  йиллардаги фаолияти юзасидан текширув ўтказилди, деб хабар қилади бош прокуратура матбуот хизмати.

Ўтказилган терговга қадар текширувда, корхона мансабдор шахслари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бино ва иншоотларни таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган жами 2,3 млрд. сўм бюджет маблағларини яқин қариндошларига қарашли хўжалик юритувчи субъектларга амалда кўрсатилмаган дезинфекция ва компьютер хизматлари, ҳақиқатда бажарилмаган қурилиш ишлари учун ўтказиб бериб, талон-торож қилганликлари фош этилган.

Бундан ташқари, улар жиноий йўл билан топилган пул маблағларининг асл манбаини яшириб, мулкка айлантириш мақсадида, “Labo”, “Nexia-3”, “Cobalt”, “Lacetti” ва “Malibu-2” русумли жами 9 та автомашиналарни харид қилишиб, жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштиришган.

Текширув давомида давлат манфаатларига етказилган зарардан 1,1 млрд. сўми қопланиши таъминланди.

Ҳозирда, мазкур ҳолатлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Тиббиёт қурилиш” инжиниринг давлат унитар корхонаси мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *