Тоҳир Маликнинг исрофгарчилик, футбол, тарихий асарлар, савиясиз нашрлар, китоб ва компьютер ҳақидаги фикрлари

янв 18 / 2016

alt

ИСРОФГАРЧИЛИК

Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Исроф қилманглар!» дейди. Жамиятимиздаги энг катта иллатлардан бири ҳам – исрофдир. Мен озроқ эслайман, ёшлишимизда нонга кечаси билан навбатда туришарди. Ҳозирги йигитлар кечаги нонни ейишмайди. Мана шуни нонкўрлик дейди, исроф дейди. Баъзи артистларнинг нодонлигидан ғашим келади. Улар «гардеробимда элликта костюмим» бор, деб исрофгарчилигидан мақтанади.

Нон исрофи қанчалик гуноҳ бўлса, вақт исрофи ҳам шунчалик катта гуноҳдир. Иқтидор, зеҳннинг ҳам исрофи бор. Кимгадир Аллоҳ таоло математик бўлиш зеҳнини бердими, энди у шу иқтидорини камолга етказсин. Бой бўламан деб бозорга чиқиб кетмасин. Акс ҳолда у мана шу Аллоҳ берган иқтидорни исроф қилган бўлади. Чунки Аллоҳ буни ҳаммага ҳам бермаган.

Афсуски, вақтни исроф қилиш бўйича ҳам кўпгина халқлардан илғормиз. Вақт исрофи бўйича эркакларимиз аёллардан қолишмайди. Саудиялик бир дўстим ҳазиллашиб айтиб қолди: «Сизларга жуда қийин экан. Кунига бир маҳал овқатланаркансизлар холос». «Нега энди?» дея таажжуб билдирсам, «Сахардан ошга бораркансизларда, зиёфатлар кечқурун тугаркан», деди.

Бир китобимда «столба қоровуллари» ҳақида ёзган эдим. Бу кечқурун симёғоч ёруғида ўтириб, соатлаб гаплашиб ўтирадиган йигитлар ҳақида. Эркак киши 2-3 соат нима ҳақида гаплашиши мумкин? Шу бекор кетган вақт ўрнига кунига битта ҳадис ўргансангиз, йилига 366 та ҳикмат қалбингизга жо бўлади.

ФУТБОЛ

Месси, Роналду деган энг қимматбаҳо футболчиларнинг майдондаги ҳар бир ҳатти-ҳаракатини компьютер ҳисоблаб боради. Улар битта ўйинда 15-16 километр югураради. Тинимсиз меҳнат қилади. Шунча югурганига яраша, натижаси ҳам яхши бўлади. Бизнинг думбул футболчиларимизнинг энг яхшиси ҳам 5 километр зўрға югуради. Шунга яраша натижани ҳам кўраверасизлар. Кечаям ютқизишди-ку. Уларнинг ҳаммасининг бўйнига омоч бойлаб, далада қўш ҳайдатиш керак. Булар на ўз қадрини билади, на вақтнинг. Сизлар ҳам шулар каби танбал бўлиб қолманглар!

ТАРИХИЙ АСАРЛАР

Совет даврида «тарихий асар ёзиш мумкин эмас» деб очиқ айтишарди. Пиримқул Қодиров «Юлдузли тунлар»ни ёзганларида ўн йил чиқаришмади. Шароф Рашидов ўқиб, масъулиятни зиммамга оламан, дегандан сўнг чиқди. Мустақилликдан сўнг яхши тарихий асарлар ёзилади, деб ўйлаган эдим. Лекин буни китобхон яхши қабул қилмаяпти. Бунинг сабаблари бор. Тарихий асар ёзиш учун тарихнинг ўзини билиш етарли эмас. Ўша тарихнинг руҳига ҳам кириш керак. Амир Темур ҳақида ёзадиган одам Исломни яхши билиш керак. Бир танишим тарихий асар ёзаман деганларида, сиз аввал намозни тушунинг, деган эдим. Асар қаҳрамони 5 ракаат намоз ўқийди. Баъзилар беш вақт билан беш ракаатнинг фарқига бормас экан…

Жаҳон адабиётида кўп йиллардан бери тортишув бўлиб келади: тарихий асарда тарихийлик кучли бўлиши керакми ё бадиийлик? Мен бадиийлик тарафдориман. Машҳур рус ёзувчиси айтганидек, «тарихий далил тугаган жойда тарихий асар бошланади». Тарихий далилларни тарих китобларидан ҳам ўқиш мумкин. Бадиий асарнинг вазифаси мушоҳадага чорлашдир. Бунга қуруқ далилнинг ўзи билан эришиб бўлмайди.

«Алишер Навоий» деган асарни биласизлар. Ундаги Гули билан Навоий муҳаббати мутлақо нотўғри ва бемаъни. Чунки подшоҳ билан вазирнинг бир қизни талашиши мен учун бемаъниликдир. Тарихий асарда ҳам тўқима бўлсин, лекин бунақа бемаъни, ишонарсиз тўқима билан асарнинг маъносига путур етказмаслик керак.

... 1974 йили Мирзо Улуғбек ҳаётидан «Фалак» деган асар ёзган эдим. У пайтлар тарихий асар ёзиш мумкин бўлмагани учун фантастикага боғлаб чиқаргандим. Уни давом эттирмоқчи бўлдим. Тажрибам етмади, руҳан тайёр эмасдим. Ҳозир шу асарни тўлдириш устида ишлаяпман. Бу асар тарихий йўналишда бўлади.

САВИЯСИ ПАСТ НАШРЛАР

Ҳозирда китоблар жуда кўп чоп этилмоқда. Лекин ўқимишлилик даражаси ҳақида ижобий фикр айтиш қийин. Детектив ёзиш осон дейишади. Ҳозир кўпчилик ёзиб ётибди. Ёзувчи ёзаётган мавзусини жуда яхши билмоғи керак.

Бир нашр мен билан суҳбатга ўз мухбирини юбориб, «Тоҳир акадан сўранглар, газетамизни нима қилсак, яхши бўлади. Шуни ҳам билиб кел», деб тайинлабди. Мен уларга ҳазил аралаш жавоб бердим: «Газетангизни ёпсангиз яхши бўлади».

Қаерда санъат, адабиёт пулга хизмат қилар экан, улардан хайр кутиб бўлмайди. Телевизорда кино, қўшиқларни танқид қилишади-ю, ўзлари ўша бемаъни фильм ва ашулаларни эфирга қўйишади.

КИТОБ ВА КОМПЬЮТЕР

Бизда ҳар бир оилада ҳам компьютер йўқ. Уларнинг ҳаммасида ҳам интернет мавжуд эмас. Ундан ҳамма ҳам фойдалана олмайди (масалан, мен ҳам). Китоб ҳеч қачон интернетга ўз ўрнини бўшатиб бермайди.

Японияда цунами бўлганда кўрсатишган эди. Катта бир залда ётган ёш йигит китоб ўқияпти. Шунча мусибатдан сўнг ҳам у китоб ўқишга майл топа олди. Шу пайт Япония императори келиб, ўша болага таъзим қилиб салом берди. Мана, илмнинг шарафи қаерда.

Китобим – офтобим, деймиз. Лекин компьютерни офтоб деёлмаймиз, у электр токисиз ишламайди.

Манба: ziyouz.uz, Давронбек Тожиалиев

  • Мехмон
    12 август 2016, 10:53

    лекин одобни одобсиздан урган деган макол борку. бу асарга хамма уз каричи билан бахо беради. бунга хамма хакли.

  • Мехмон
    12 август 2016, 07:46

    ШАЙТАНАТДАГИ ВОҚЕАЛАР ТЎҚИМА ЭМАС, РЕАЛ ХАЁТДАН ОЛИНГАН, БУ ВОҚЕАЛАРНИ УСТОЗ ТОХИР МАЛИК КИТОБ ЁЗМАСА БОШҚА БИР ЁЗУВЧИ АЛБАТТА ЁЗГАН БЎЛАР ЭДИ.!!!!!!

  • Мехмон
    31 янвuary 2016, 11:48

    "Шайтанат"- Савияси паст асар. Шу асарни миллионлаб ададда нашр этилиши, китобхонлар томонидан ўқилиши , фильмлар ишланиши,муаллифларга гонорарлар тўланиши -миллий фоижамиз.Қўли қонга ботган,саводсиз, эътиқодсиз,харом еб, харом мол тўплаб,бойлик орттириб пасткаш ,тубан одамлар иззат-хурматига эришган бир махлуқ хақида шундай асар яратилдики,бу асар қахрамони минг афсуски, замонамиз қахрамонига айланди. Туғилиб ўша муртад исмини олган фарзандлар улғайиб,шу исм ортидаги қабиҳ тамойилларни хаётга татбиқ этишни бошлашди - Хозирда номида "Асадбек" исми қатнашган мингдан ортиқ корхона фаолият кўрсатяпти.Ўйлаб кўринг!!

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *