Тошкентда Президент мактаби очилди (+фото)

сен 10 / 2019

alt

Президент мактабининг биринчиси пойтахтимизда фойдаланишга топширилди. Бугун, 10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу мактабга ташриф буюрди.

Президент матбуот хизмати хабар беришича, 168 ўринга мўлжалланган мактаб биноси ва ётоқхона, 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси юксак даражада бунёд этилган.

Жорий йилда мактабнинг 5-10-синфлари учун ҳужжат топширган 7 мингга яқин ўқувчидан 144 нафари ўқишга қабул қилинган.

Канаданинг “Teachaway” ва Буюк Британиянинг “TIC Recruitment” рекрутинг компаниялари билан ҳамкорликда мактабга 30 нафар чет эллик мутахассис танлаб олинган. Шунингдек, 72 нафар тажрибали ва малакали маҳаллий ўқитувчи ҳам жалб қилинган. Таълимда STEAM ёндашувига оид дарслик ва ўқув қўлланмалари олиб келинган.

Шавкат Мирзиёев мактабда яратилган шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди.

- Бу ҳаётингиздаги биринчи синов бўлди. Меҳнат, билим, адолат нима эканини кўрдингиз. Сизларни шундай нуфузли мактабга муносиб бўлганингиз билан чин юрагимдан табриклайман. Сиз энди Ўзбекистоннинг “олтин фонди”сизлар, - деди Президент. - Халқнинг, мамлакатнинг буюклигини тараннум этадиган нарсалар кўп. Лекин энг афзали билим билан намоён этиш. Ёшларимиз орасидан Хоразмийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар чиқишига барча асосларимиз бор. Бугун тарихий кун. Илгари юртимизда бундай шароит бўлмаган. Энди чет элдан нуфузли меҳмонлар келса, катта-катта заводларни эмас, Президент мактабларини кўрсатамиз. Сизлар билимингиз, юриш-туришингиз, ватанпарварлигингиз билан ҳамма ёшларга намуна бўлишингиз керак. Келгусида Ўзбекистон тараққиётига таъсир кўрсатадиган куч бўласизлар.

Шавкат Мирзиёев Президент мактабининг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди, мактабнинг илк ўқувчи ва ўқитувчилари билан суратга тушди.

Эслатиб ўтамиз, Президент мактаблари жорий йилда Нукус, Хива ва Наманган шаҳарларида ҳам очилади. 2020 йилда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида, 2021 йилда Андижон, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида қурилиши режалаштирилган.

alt

alt

alt

alt