Қашқадарёликлар фидойилигидан бир мисол

фев 16 / 2016

alt

Яқин Шарқда Сурия, Ироқ ва Яман каби мамлакатларда бир неча йиллардан буён бир миллат ва бир дин вакиллари, қолаверса, ота-боболари бир қишлоқ ёки шаҳарда яшаб келган оддий халқ бугунги кунда қўлига қурол олиб жангарига айланган.

Натижа эса ҳаммага аён. Тез суръатлар билан ривожланаётган ва тинчлик тарафдори бўлган ушбу давлатлар ҳудуди бугунги кунда аёвсиз тўқнашувлар майдонига айланиб қолди. Энг ёмони тинч аҳолининг халовати йўқолиб, миллий иқтисод таназзулга учраб, бутун бошли шаҳарлар вайрон бўлиб, гуманитар инқироз вужудга келди. Қачонлардир бу кўчаларни тўлдириб юрган миллионлаб тинч аҳоли эса ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб, денгиз орқали Европа давлатларидан бошпана излаб сарсон-саргардонликда юришмоқда.

Ўз навбатида жаҳон сиёсий майдонида шиддат билан кечаётган бундай ўзгаришлардан хабардор ҳар бир фуқаро бу воқеаларнинг туб моҳиятини ўз вақтида англаб етиши жуда муҳимдир. Ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали бизгача етиб келаётган хабарлар орқали маълум бўлаётган ушбу мудҳиш воқеалар бизнинг Ватанимиздан анча узоқда содир бўлаётган бўлсада, унинг салбий оқибатлари Марказий Осиёга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қўймайди.

Айнан шу сабабли, мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ юрт тинчлигини сақлаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бугунги кунда ҳеч бир юртнинг тинчлиги ва барқарорлиги фақатгина унинг ҳарбий салоҳияти билан белгиланмаслигини, биз фуқаролар уруши гирдобига ғарқ бўлган Сурия ва Ироқ давлатлари мисолида яққол кўришимиз мумкин. Яъни тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун нафақат ҳарбийлар, балки, фуқароларнинг огоҳлиги, уларнинг хотиржамлик ва осойишталик йўлидаги ҳатти-ҳаракатлари ҳамда қонун устуворлигини таъминлашда мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорлик қилишлари ўта муҳим аҳамият касб этмоқда.

Юрт тинчлигини таъминлаш фақатгина ҳуқуқ тартибот идораларининг вазифасигина бўлиб қолмасдан, ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас бурчи бўлмоғи зарур. Чунки ватан остонадан бошланганидек, тинчлик ва осойишталик ҳам ҳар бир фуқаро хонадонидан бошланади.

Халқимиз осуда ҳаётига хавф солувчи ҳолатлардан бири бу ноқонуний ўқ-отар қурол савдоси ва уларнинг оддий халқ қўлида бўлишидир. Ҳар қандай қурол ғараз ниятли кимсалар қўлига тушганда турли хунрезликларга олиб келиши мумкин.

Шу ўринда айрим фуқароларимизнинг ватан тинчлиги йўлидаги ҳатти-ҳаракатлари ва ташаббуслари борасида сўз очарканмиз, уларнинг юртимиз равнақи ва барқарорлиги йўлидаги амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ.

Жумладан, қашқадарёлик фидойи фуқаролар тўғрисида сўз бораркан, шаҳрисабзлик Зайниддин Нортошевга алоҳида тўхталиб ўтишимиз даркор.

Нортошев Зайниддин ака ўтган ҳафта ўзининг ота мерос 1 дона “Револьвер” русумидаги пистолетини ихтиёрий равишда туман ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига топширганлигини айтиб ўтишимиз керак. Ушбу ўқ-отар мослама унинг хонадонида тегишли рухсатномасиз сақланаётганидан ва бирон кун ушбу қурол унинг фарзандлари қўлига тушиб қолишидан қўрққан Зайниддин ака узоқ йиллар давомида ўз халоватини йўқотган эди. Ўз ихтиёри билан ноқонуний равишда сақланаётган қуролни топширган фуқароларга нисбатан ҳеч қандай жазо чораси қўлланилмаслигидан, аксинча, уларнинг бундай йўл тутишлари қўллаб-қувватланишидан хабар топгач, бизнинг қаҳрамон ҳеч иккиланмасдан шахсий пистолетининг баҳридан кечган.

Агарда ушбу қурол юртимизга нисбатан нотўғри кайфиятдаги шахслар қўлига тушиб қолганида вазият бошқача бўлиб, ноҳуш оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Зайниддин акага ўхшаган ватанпарвар ва ўз маҳалласидаги осуда ҳаётнинг қадрига етадиган инсонлар бор экан, фуқароларимиз тинчлиги ва хавфсизлиги янада мустаҳкамланиб бораверади.

Шу билан биргаликда бизнинг шаҳримиз ва маҳалламиз, ҳатто мамлакатимиз ва халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги кўп ҳолатларда оддий, аммо ватанпарвар фуқароларимизнинг қаҳрамона ҳаракатларига муҳтож бўлиб қолаверади. Бу каби ватанпарвар юртдошларимизга халқимиз номидан миннатдорчилик билдирамиз!

  • Мехмон
    16 феврал 2016, 13:15

    Ватанпарварлар купайсин шу сахифани укиб жудаям хурсанд булдим

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *