Қайси ҳолатларда судланганлик олиб ташланади ёки тугалланади?

авг 07 / 2019
alt
 
Пойтахт ИИББ матбуот хизмати шахснинг судланганлиги олиб ташланиши ёки тугалланиши мумкин бўлган ҳолатлар бўйича тушунтириш берди.
 
Судланганлик - шахснинг, унга суд ҳукми билан жазо қўлланилишидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолати бўлиб, мазкур шахсга нисбатан жиноят-ҳуқуқий ва умумҳуқуқий хусусиятга эга муайян салбий оқибатлар келиб чиқишида намоён бўлади.
 
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят Кодексида шахс судланмаган ҳисобланадиган ҳоллар мавжуд. Жумладан, қуйидаги ҳолда шахс судланмаган ҳисобланади, агар унга нисбатан:
 
жазо тайинланмаган ҳолда айблов ҳукми чиқарилган (ЖК 70, 71, 76-моддалари) ёхуд шахс бир вақтнинг ўзида асосий ва қўшимча жазодан биринчи, апелляция, кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан озод қилинган (ЖК 69, 75, 76-моддалари) бўлса;
тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган бўлса (ЖК 94-моддаси).
Қуйидаги асосларга кўра жиноий жавобгарликдан озод этилган шахс ҳам судланмаган ҳисобланади:
жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан (ЖК 64-моддаси);
қилмиш ёки шахс ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги муносабати билан (ЖК 65-моддаси);
айбдор ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги муносабати билан (ЖК 66-моддаси);
жиноят содир этган шахс жабрланувчи билан ярашганлиги муносабати билан (ЖК 66-1-моддаси);
жиноят содир этган шахс касаллиги туфайли (ЖК 67-моддаси);
амнистия акти қўлланилганлиги муносабати билан (ЖК 68-моддаси).
 
Судланганлик ҳолатининг тугалланиши ( ЖКнинг 78-моддаси).
 
Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:
 
шартли ҳукм қилинганларга нисбатан - синов муддати тугаган кундан бошлаб;
мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач; 
жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;
озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин - икки йил ўтгач; 
беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин - тўрт йил ўтгач;
беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин - етти йил ўтгач;
ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин - ўн йил ўтгач.
 
Судланганликнинг олиб ташланиши ( ЖКнинг 79-модда).
 
Агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки жазони ўтаб чиққан шахснинг ўзи берган илтимосномасига кўра суд ушбу Кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.
ЖКнинг 178 - 184, 185 - 185-2, 189 - 192-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги улар давлатга жуда кўп зарар етказмаганда, Кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида тўртдан бир қисми ўтганидан кейин суд томонидан олиб ташланиши мумкин.
Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар, агар улар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.
ЖКнинг 13-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳам судланганлик олиб ташланиши мумкин.
Судланганлик афв этиш ёки амнистия акти асосида ҳам олиб ташланиши мумкин.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *