"Учар" киракашлар қачонгача сувдан қуруқ чиқади?

фев 10 / 2016

alt

Бугун  Тошкентда қаймоқранг енгил автомашиналар бир зумда узоғингизни яқин қилиб, сизни исталган манзилингизга элтиб қўяди. Аммо аҳоли ўртасида йўналишсиз таксига эҳтиёж кўпаяётганидан фойдаланиб, шахсий автомашинасида ноқонуний тарзда киракашлик қилаётганлар ҳам кўпайгандан кўпайди. Халқ ҳам уларни таниб қолди: уларга “учарлар” деб от қўйиб олган.

Бироқ: “Устоз кўрмаган шогирд ҳар мақомга йўрғалар”, – деганларидек, “учар” киракашлар йўл ҳаракати хавфсизлигига катта зиён етказяпти.

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, кейинги пайтда киракашларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиб ҳаракатланиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисалари кўплаб содир бўлмоқда. Бу эса аҳоли ҳамда қонуний фаолият кўрсатаётган жамоат транспорти вакилларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Ноқонуний киракашлик билан шуғулланувчи бу ҳайдовчилар тўхташ мумкин бўлмаган жойларда, масалан, автобус бекатлари, чорраҳаларда, бозорлар атрофида қоидани қўпол равишда бузиб, жамоат транспорти воситалари ва пиёдалар ҳаракатига халал бериб, автоҳалокат ҳолатини вужудга келтирмоқда.

“Дамас” ҳам – яхши машина-да. Ҳайдовчидан ташқари, яна 6 кишини ташийди. Аммо қонунан шундай. Ноқонуний тарзда “Дамас” машинасида киракашлик қилаётган “учарлар” ўзидан ташқари яна 7 йўловчини миндириб олаверади ҳам. Энг ёмони, “Дамас”да йўловчи ташиш билан ноқонуний тарзда шуғулланаётган киракашлар кўп ҳолларда “Тошшаҳартрансхизмат” АКнинг белгиланган йўналишларини такрорлагани учун автосаройлар режасининг бажарилмаслигига, бюджет тушумларнинг камайишига олиб келмоқда. Шунинг учун ҳам қонуний тарзда йўналишсиз такси фаолиятини йўлга қўйган кўпгина корхоналар иши касодга учраб, фаолиятини тўхтатишга мажбур ҳам бўлмоқда. Бундай ҳолатлар Юнусобод туманининг Амир Темур шоҳкўчаси, Шайхонтоҳур туманининг Навоий, Беруний кўчаларида, Олмазор туманининг Сағбон кўчаларида аниқланган.

Ҳатто, Бектемир туманида жойлашган “SHAMS TRANS SERVIS” МЧЖ ҳайдовчилари ноқонуний киракашлик билан шуғулланаётган шундай “чаққонлар” фаолияти ҳақида тегишли жойларга куйиниб мурожаат этишди ҳам. Ўрганиш натижасида, мурожаатлар ўз тасдиғини топди. Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Тошкент шаҳри бўлими мутахассислари томонидан 11 та “Дамас” ва 1 та “Истана” русумли автотранспорт воситаси ҳайдовчисига нисбатан маъмурий чора кўрилди.

Мамлакатимизда йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш билан боғлиқ қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2011 йил 18 майдаги 139-сон, “Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида” 2013 йил 31 июлдаги 213-сон қарори билан тасдиқланган Низом бор.

Қонунчиликни таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳамда давлат солиқ бошқармаси билан биргаликда йўловчи ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти томонидан 2015 йил мобайнида 19 минг 854 та қонун бузилиши ҳолати аниқланди. Шундан 2 мингдан ортиғини тегишли ҳужжатларсиз йўловчиларни ноқонуний тарзда ташиш билан шуғулланган ҳайдовчилар ташкил этган.

Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Тошкент шаҳри бўлими томонидан Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Давлат солиқ бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда 2015 йилнинг 11 ойи мобайнида пойтахтимизнинг автотранспорт воситалари кўп йиғиладиган жойларида, йўлларда ва йўл-патруль хизмати масканларида, тижорат асосида автотранспорт хизмати кўрсатаётган транспорт воситалари ҳайдовчилари фаолиятининг қонунийлигини назорат қилиш мақсадида 226 та рейд тадбири ўтказди. Ноқонуний тарзда йўловчиларни ташиш билан шуғулланаётган 627 та енгил автомобиль ҳайдовчисига нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилди, 1 минг 203 та қоидабузарга жами 894 миллион 100 минг сўмдан ортиқ миқдорда маъмурий жарима солинди.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги Йўловчи ташиш транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти томонидан ташувчилар учун сайти (www.tashdeptrans.uz)да интерфаол хизмат йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган ҳолда йўналишсиз такси режимида ишлаётган ҳар бир ҳайдовчи ижтимоий ҳимояланган. Меҳнат дафтарчасига стажи ҳақида қайд киритилади, ойлик иш ҳақи тўланади, жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига чегирмалар ажратилади. Ҳайдовчилар учун кундалик тиббий кўрик ташкил қилинади ва автомобиллар доимий техник кўрикдан ўтказиб борилади.

Бунга ҳамма кўникиши – шарт. Йўловчилар ҳам такси деб дуч келган машинага ўтиравермасин. Бундан буён ҳамма яхши билсинки, Тошкент шаҳрида қаймоқ рангли, “такси” деган ёзуви бор автомобилларгагина ишониб, манзилга етиб олиш мумкин.

Ноқонуний фаолиятга биргалашиб қарши курашишдан бошқа йўл йўқ.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ахборот хизмати

Фото: mytashkent.uz

  • Тохиров Абдурауф Андижон вилояти Избоскан тумани,
    21 феврал 2018, 10:32

    Умуман олганда Узбекистон республикаси конунларини тез узгариши муносабати билан такси хизмати хамон бошка хизматлардан хизмат курсатишда оркада колмокда. Сабаби оддий 2018 йил Олий мажлис сенатида куриб чикилган бу масала яна пайсалга солинган. Лицензия божи ва патент деб мана 25 йилдан буён вакт утди. Таксилар учун корхоналарга 1 та ягона лицензия етарли негаки улар уз фаолияти давомида давлат бюджетиги биз уйлагандан купрок солик туловини амалга оширадилар, шу фукаролар учун лицензия давлатга солик туловини тушишига каршилик килмокда.Тошкент шахрига каймок рангли 1-категория,Вилоят марказидаги таксиларга сарик ранг 2-категория белгилангани тугри,аммо туман таксиларига менимча оддий усулни 3-категорияни топиб куллашимиз керак. Мен Андижонликман, вилоят туманларини хар бирида 1000-2000 тагача такси бор( Андижоннома газетасидаги хабар асосида) агар уларни хар бирига давлат номерини олиш, буяш харажатини хисобга олсак битта туманга уртача 6,0 миллиард сум керак булади ва аксинча улар билан тузилган узаро шартномалар бекор булганда яна шунча харажат осмонга учади. Бу кераксиз харажатларни олдини олсак, барча таксилар уз хохишлари билан солик тулашни бошлайдилар. Мен такси хизмати учун инновацион гоя - янги йул варакалари, янги тиббий курикдан утиш варакасини таклиф килиб такси корхонаси очмокчиман, лекин имтиёз йук, янги 1000 та янги иш урни яратишга такси хизматини очиш учун ЭКСПРИМЕНТ утказишга кимдан рухсат олиш керак ? Туман хокими экспримент утказишга карор кабул кила оладими? у конуний буладими, умуман шундай конун борми?? Менимча Давлат бюджетига солик тушумини купайтириш вакти келди бунинг учун факат рухсат ва ишлаш керак.

  • Мехмон
    11 феврал 2016, 11:04

    Тугри гап этдингиз. Узбекистонни барча туманларида, районларида хам, хал этмокчи булишган муаммо жиддий. Ишсизлар куп. Лекин конунни кандай бажаришиб, буни ечимини топишар экан? Еки факат Тошкент шахридаги "киракаш" ларга бу тегишлими?

  • Мехмон
    11 феврал 2016, 07:27

    Туманларда холат бундан баттар . Узлари хохлаган нархлар куйиб киракашлик килаяпти. Каймок рангли такси йук булса одамлар нима килсин

  • Мехмон
    10 феврал 2016, 20:02

    Бир дустим билан каттик тортишиб колдик. Мен унга, "киракашлар" хам конуний равишда ишга кирсалар маъкулрокдур ва"киракашлар"дан кура давлатга солиг тулаб, хам ойлик, хам стажи буладигон таксилар ишонарли, кулай ва инсонлар шунга урганиши лозим десам, у этдики, йук, киракашларни нонини тортиб олсанг ишсизлик купайиб, жиноятчилар купаяди, деди. Бу хакда хеч фикримиз тугри келмаяпти. Менимча купчилик шу фикрда. Лицензия олсин деган гап хам бормиш, уни эса нима килади, техосмотр уз ишини бажармиди дейди, шунга ухшаш нохуш гаплар халк ичида юрибди.
    Тушинтиринг, шунчали мураккабми.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *