Қўшни эркак беш яшар қизни ўлдириб, битмаган уйининг бурчагига кўмиб қўйди

мая 02 / 2019

alt

Пахтаобод тумани Соҳил маҳалласида яшовчи ишсиз, 31 ёшли И.М. икки фарзанднинг отаси. Юриш-туриши, меҳнати билан маҳалла аҳли ўртасида ўзига яраша ҳурмат топган. 

Минг афсуски, у инсон ақлига сиғмайдиган даҳшатли қотиллик содир этди-ки, буни таърифлашга сўз ожиз. Шайтон васвасасига тушган И.М. норасида 5 ёшли қизалоқнинг қотилига айланди. 

Ўша куни у уйида сават тўқиб ўтирган эди. Қўшнисининг беш ёшли қизи бирга ўйнаш учун ўғлини чақириб унинг уйига киради. Уйида ҳеч ким йўқ бўлгани боис, кўнглидан нималар кечди ёки қўшнисида адовати бор эдими, бу фақат яратганга аён. Лекин нима яхшию нима ёмон эканини ҳали англаб етмаган қизалоқ унинг қўлида жон таслим қилди. 

Шайтоннинг ноғорасига ўйнаган И.М. беш ёшли қизни бўғиб ўлдиради, сўнг ҳали битмаган уйининг бурчагига кўмиб қўяди. Қизнинг қолиб кетган оёқ кийимини эса ҳожатхонага ташлаб юборади. Шундай даҳшатли қотилликни содир этса-да, ҳеч нарса бўлмагандай ишини қилиб юраверади. 

Норасида қизнинг йўқолганидан бутун маҳалла, ҳуқуқ-тартибот идоралари оёққа туради. Қўшнилар қизни ўша уйга кириб кетганини, лекин қайтиб чиқмаганлигини айтгандан сўнг, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари И.М.нинг уйини текширувдан ўтказади. Ҳожатхонадан қизнинг оёқ кийими топилгач, И.М. ҳушидан кетади. 

Туман ички ишлар бўлимида ўзига келган жиноятчи содир этган воқеани айтиб, айбига иқрор бўлди. Ақли расо, қилган хатти-ҳаракатларига жавоб бера оладиган бу шахснинг содир этган жинояти инсонийликнинг ҳеч бир мезонига тўғри келмайди. 

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти судида судья Н.Расулов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида мудҳиш жиноят содир этган И.М. га нисбатан қонуний ҳукм чиқарилди. Унга 19 йил қамоқ жазоси тайинланди. 

Норасида қизалоқнинг қотилига айланган, ака-укалари, яқинлари, оиласини иснодга қолдирган бу инсон ўз виждонига нима деб жавоб берар экан? 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *