Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича чекловлар олиб ташланди

окт 25 / 2018

– Умра зиёратининг дастлабки рейси жорий йилнинг 28 октябрь куни амалга оширилади

– Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 804 000 сўм этиб белгиланди

alt

Бугун, 25 октябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ҳаж ва Умра сафари тўғрисида” брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда куз мавсумидаги Умра зиёратининг дастлабки рейси жорий йилнинг 28 октябрь куни амалга оширилиши эълон қилинди.

Энди юртимиз фуқароларининг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Умра сафарига борувчи зиёратчиларнинг сонини белгилаш бўйича (квота) чекловлар олиб ташланди.

Қолаверса, авваллари узоқ навбат кутиб умра зиёратига борган фуқаролар 13 650 000 сўм миқдорида пул тўлаган ҳамда уларга Макка ва Мадина шаҳарларида яратилган шарт-шароитлар бугунги кунда таклиф этилаётган хизмат туридан анча паст ва қиммат бўлган.

Жамоатчилик кенгаши томонидан Умра сафарига бормоқчи бўлган ҳар-бир фуқаро учун тўланадиган маблағ қиймати 5 804 000 сўм (бориш-келиш авиачиптасидан ташқари)  миқдорда арзон бўлишига эришилди. Мазкур маблағга Саудия Арабистони Подшоҳлиги расмий визаси, Макка ва Мадина шаҳарларидаги 5 ва 4 юлдузли меҳмонхона, ўзбек ошпазлари томонидан тайёрланадиган таомлар, 24 соатлик бепул тиббий хизмат, мамлакатимиз рамзлари тушурилган махсус либос, ибодат қўлланмаси, бейжик, замонавий транспорт ҳамда бошқа зиёрат хизматлари киритилган. (Тошкент – Жидда – Тошкент авиачиптаси нархи 5 096 000 сўм)

Шу билан бирга, ҳозирги кунда умра сафарига бориш истагида бўлган фуқароларимизнинг кўп йиллик навбатини бартараф этиш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш ҳамда турли хорижий йўллар (авфсизлик кафолатланмаган тур фирмалар) орқали мамлакатдан чиқиб кетишларини олдини олиш мақсадида Умра мавсумини йил давомида ташкил этиш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *