Қозоғистонда тўхтаб қолган учта поезд йўловчилари Тошкентга олиб келинди

июн 26 / 2019

Картинки по запросу қозоғистон ўзбекистон поезд

Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон жанубидаги Арис шаҳрида жойлашган ҳарбий қисмда рўй берган портлашлар оқибатида ҳаракатланишдан тўхтатиб қўйилган поездлар йўловчилари Тошкентга олиб келинганини маълум қилади.
 
Унда қайд этилишича, 25 июнь куни Уфа шаҳридан келаётган 382-сон темир йўл рейсининг қолган барча йўловчилари автобуслар орқали Тошкент шаҳрига юборилган.
 
Шунингдек, Челябинск-Тошкент йўналишида ҳаракатланаётган ва Арис шаҳридаги ўқ-дорилар портлашлари оқибатида Туркистон шаҳрида тўхтатиб қўйилган «Россия темир йўллари»га қарашли 365-рейс йўловчилари «Жибек Жоли» - «Ғишт кўприк» назорат-ўтказиш пунктигача Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимияти кўмагида, чегаранинг бу томонидан Тошкент шаҳригача эса «Ўзавтотранс» автобусларида етказилган.
 
25 июнь куни кечаси Чимкент шаҳрида тўхтатиб қўйилган «Новосибирск-Тошкент» 370-темирйўл рейсининг 264 нафар йўловчисини Тошкент шаҳрига етказиш ишлари 26 июнь куни эрталаб давом эттирилган. 
 
«Консуллик-ҳуқуқий департаменти Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (тел. :  +7-717-295-42-52) ёки Олмаота шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. :  +7-727-291-11-78) мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатади», – дейилади хабарда.
 
Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни Арис шаҳрида қурол-яроғларнинг катта портлаши юз берди. Зудлик билан шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, шаҳар аҳолиси эвакуация қилинди. Ҳодиса оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 70 дан ортиқ киши жароҳат олган, улардан 45 нафари шифохонага ётқизилган. Портлашлар юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
 
Портлаш сабабли «Ўзбекистон темир йўллари» саккизта йўналишда поезд ҳаракати тўхтатилгани хабар қилди.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *