Uz24.uzда 21 март тонгги хабарлари

мар 21 / 2019

alt

Пойтахтда байрамнинг қайси манзилларда ўтазилиши ҳамда дам олиш кунлари маълум бўлди

Эслатиб ўтамиз, байрам муносабати билан 21 ва 22 март кунлари Тошкент шаҳрининг “Бешёғоч” кўчаси бўйлаб автотранспорт ҳаракати тўхтатилади. Ҳудудда Наврўз байрамига бағишланган оммавий тадбирлар ва халқ сайиллари ўтказилади.  Шунингдек, ҳафтасига 5 кун ишловчи ходимларга 21 март – пайшанба (Наврўз байрами), 22 март – жума (қўшимча дам олиш куни), 23 март – шанба, 24 март – якшанба, ҳафтасига 6 кун ишловчи ходимларга эса 21 март – пайшанба (Наврўз байрами), 22 март – жума (қўшимча дам олиш куни), 24 март – якшанба кунлари дам олиш куни ҳисобланади.

 Ҳафтасига 6 кун ишловчи ходимлар 23 март (шанба) куни ишга чиқишлари лозим.

alt

Тошкент шаҳрида “Наврўз” номли сайлгоҳ очилди

Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек ва Махтумқули кўчалари кесишмасида баҳор айёми – Наврўз муносабати билан “Наврўз” номли сайилгоҳ очилди. Сайлгоҳ ичкарисида шунингдек, кўкда ҳилпираб турган маҳобатли байроқ, мусиқа садолари остида жилваланиб ҳаракатланаётган фавворани кўриш мумкин. Улкан байроқнинг узунлиги 57 метрни ташкил этади.

alt

alt

alt

Сайлгоҳнинг очилиши билан боғлиқ маросимда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев сўзга чиқиб, барча йиғилганларга ўз табрик сўзларини йўллади:

Байрам арафасида ушбу сайлгоҳнинг очилиши, барчамизни бирдек қувонтирди. Бу ер уч ой аввал ташландиқ жой эди. Мана, бугун гўзал бир масканга айланди. Сайлгоҳда Wi-fi ҳудуд ва китоб мутолаа қилиш учун қулай шароит яратилган. Биз Президентимиз ташббусини изчил амалга оширишда давом этамиз, – деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

alt

Бош прокуратура ахборот-таҳлил мультимедиа маркази МТРКга қўшиб юборилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги муқобил марказ Миллий телерадиокомпания тасарруфига ўтказилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, ташкилий ўзгариш бўйича президент қарори мавжуд ва у бир ой аввал имзоланган.

alt

Тошкентда янги таълим маркази ташкил этилди

Президент қарори (“Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида”ги, ПҚ-4245, 20.03.2019 й.) га биноан Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг (АҚШ) таълим дастурларини амалга ошириш маркази ташкил этилди.  

Марказнинг асосий вазифаси ахборот-коммуникация технологиялари, оммавий ахборот воситалари, тадбиркорлик, табиий фанлар ва педагогика соҳаларида халқаро стандартлар даражасида кадрлар тайёрлаш ҳисобланади.

alt

alt

Марказ олий таълим муассасаси бўлиб, бакалавриат, магистратура босқичларида, малака ошириш, қайта тайёрлаш, шунингдек илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширади. Таълим кундузги шаклда, тўлов-контракт асосида, инглиз тилида амалга оширилади. 

2019 – 2020 ўқув йилидан талабалар қабул қилинади ва битирувчиларга диплом берилади. Қабул квотаси кадрлар эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади.

alt

Ўзбек миллий кинофильмлари 23-Халқаро FILMART кинобозорида сотилмоқда

Бир оз аввал маълум қилганимиздек, Ўзбекистоннинг Республика кинопрокат маркази шу йилнинг 18 март кунидан бошлаб, Хитойнинг Гонконг шаҳрида ўтказилаётган 23-Халқаро FILMART кино ва телевизион фильмлар кино бозорида иштирок этмоқда. Илк маротаба ўзбек миллий фильмлари халқаро майдонда намойиш этилмоқда.

Маълумотларга кўра, дунёнинг 40 га яқин давлатларидан иштирок этаётган 850 тага яқин компаниялар, дистрибьюторлар ва харидорлар қаторида Ўзбекистон вакиллари  ҳам ўз маҳсулотларини халқаро кинопрокатга чиқариш, чет эл телеканалларига сотиш ҳамда ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқариш масалалари бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиб, шартномалар имзолаган.

alt

alt

Сингапурнинг BOMANBRIDGE компанияси кино бозорига олиб борилган «Ўзбекистон — Ислом цивилизацияси маркази», «Хожаи жаҳон Абдухолиқ Ғиждувоний», «Қадимий Бухоро», «Хожа Баҳовуддин Нақшбанд» каби ҳужжатли фильмларни жануби-шарқий Осиёдаги мусулмон аҳолига эга мамлакатларда Рамазон ойи арафасида телеканалларда кенг намойиш этиш учун харид қилиш таклифи билан чиққан.

alt

Тошкентдаги Пучон университети ижарага жой олиб фаолият юритмоқда

Давлатимиз раҳбари фармони билан ташкил этилган Тошкент шаҳридаги Пучон университети бугунги кунда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети биносида ижарага жой олиб фаолият юритмоқда, дея хабар бермоқда ЎзА.

Университет мактабгача таълим муассасаларининг педагог кадрларга, архитектура ва дизайн соҳасида тажрибали мутахассисларга ва бошқа йўналишларда малакали кадрларга эҳтиёж борлигини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилиб, у ерда 540 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг 240 нафари кундузги мактабгача таълим, яна шунчаси кечки мактабгача таълим, қолган 60 таси корейс тили ва менежменти йўналишларида билим ва кўникмаларини оширмоқда.

Янги олий ўқув юрти таълимни Корея Республикасининг Пучон университети ўқув режа ва дастурлари асосида амалга ошириб бориб, битирувчиларга Кореяда тасдиқланган диплом берилади. Ушбу ҳужжат юртимизда олий маълумот мақомини берувчи ҳужжатлар билан бир хил даражада деб қаралади.

alt

ОБ-ҲАВО

Айни вақтда Тошкент шаҳрида ёмғир ёғмоқда. Гидрометеорология марказининг хабар беришича, Тошкент шаҳрида бугун, 21 март кун давомида қисқа муддатли ёғингарчиликлар, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кечаси 8-10, кундузи 16-18 даража илиқ бўлади. 

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти. Ҳаво ўзгариб туради, ёғингарчилик бўлмайди. Кечаси 3-8, кундузи 8-13 даража илиқ бўлади. 

Қолган ҳудудларда ҳам ҳаво ўзгариб туради, ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси ўртача 5-10, кундузи 13-18 даража илиқ бўлади.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *