"Яшил ҳафта — 2016" кўргазмасида германиялик ишбилармонлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканликларини айтишди

янв 26 / 2016

alt

Тадбир чоғида кўргазма иштирокчилари Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий ҳолати, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, республикада, шу жумладан, аграр жабҳада рўй бераётган ўзгаришлар, сармоявий муҳитни янада такомиллаштириш, мамлакатда инфратузилмаларни ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари бўйича маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Озиқ-овқат саноати корхоналари ассоциацияси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўздонмаҳсулот” ва “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари томонидан ишлаб чиқилган аниқ сармоявий лойиҳалар ҳам уларнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Тақдимотда сўзга чиққан Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмаси бошқаруви раиси Маркус Фельснер Ўзбекистон иқтисодиёти изчил ўсиб бораётганига юқори баҳо берар экан, республикада яратилган қулай сармоявий муҳитга алоҳида эътибор қаратди. У Германияда юртимиз билан шериклик алоқаларини кенгайтириш юзасидан қизиқиш ўсиб бораётганини таъкидлади. “Хусусан, кичик ва ўрта бизнес вакилларимиз орасида ҳам”, деди у.
М. Фельснер қўшма сармоявий лойиҳаларни, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ўзбек шериклар билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш юзасидан ГФР компанияларини қўллаб-қувватлаш Немис иқтисодиёти Шарқий Европа бирлашмасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланишини айтди. У алоҳида қайд этганидек, бугунги кунда немис бизнес тизимлари олдида Ўзбекистондаги истиқболли ва изчил ўсиб бораётган бозорнинг эшиклари очилмоқдаки, мамлакат юқори сифатли озиқ-овқат ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири бўлиши мумкин.
Ўзбекистонда муваффақиятли фаолият олиб бораётган “Lemken”, “Claas”, “Berliner Sparkasse” каби немис компаниялари вакиллари ва бошқалар тақдимот қатнашчиларини истиқболли ўзбек бозорига чиқиш имкониятларидан фойдаланишга, республика ҳудудидаги сармоявий лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон — Германия ўртасида иқтисодиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, “Яшил ҳафта — 2016” халқаро озиқ-овқат саноати, қишлоқ, ўрмон ва боғдорчилик хўжалиги кўргазмаси шу йилнинг 15-24 январь кунлари Германияда ташкил этилди.

Манба: “Жаҳон” АА

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *