«Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусида анжуман ўтказилмоқда

мая 11 / 2019

alt

Халқ таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 10-12 май кунлари юртимиз умумтаълим мактабларининг 8-11-синф ўқувчилари учун «Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш» мавзусида анжуман ўтказилмоқда.

Мазкур анжуман «Ҳуқуқий маданиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган Доҳа Декларациясининг амалга оширилиши бўйича Глобал дастур» ҳомийлигида, БМТнинг Наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси (UNODC ROCA), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Уч кун давомида ўтказиладиган анжуман иштирокчилари дипломатлар каби БМТнинг расмий тилларида фаолият олиб боради. Анжуман тўлиқ инглиз тилида олиб борилади.

Анжуманда асосан БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадлари доирасидаги мавзулар, жумладан, «Ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш», «Атроф-муҳитга сезиларли таъсир кўрсатувчи жиноятларнинг олдини олишнинг самарали усулларини шакллантириш», «Коррупцияга қарши курашда фуқаролик жамиятининг роли» мавзулари муҳокама қилинади.

Таъкидлаш жоизки, анжуманнинг бош мақсади БМТнинг расмий учрашувлари андозасида ўтишини таъминлашдир. Шунингдек, анжуман ўқувчиларни дипломатик соҳадаги ечимлар, қийинчиликлар ва энг яхши тажрибаларни ўрганиш мақсадида бирлаштиради. Анжуман мамлакатимизнинг барча ўқувчи-ёшларини БМТ фаолияти ва уни иш юритиш тизими билан таништириб, уларга омма олдида нутқ сўзлаш, муаммоларини ечиш, дипломатик музокара олиб боришни ўргатади. Қолаверса, халқаро билим ва тажрибаларни бериш орқали уларни давлатимиз ривожига ҳисса қўшиш, келгусида халқаро ҳамжамият олдида юртимиз нуфузини янада оширадиган кадр ҳамда ижтимоий масъулиятли фуқаролар бўлиб етишиш йўлида бирлаштиради.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, мазкур анжуманда иштирок этиш бўйича танлов элон қилингач, республикамиз бўйича 3000 га яқин ўқувчи унда иштирок этиш истагини билдириб, ҳужжат топширган. Ҳудудий танлов комиссиялари ва республика танлов комиссияси орқали энг билимли ва қобилиятли 70 нафар ўқувчилар анжуман Низоми асосида саралаб олинди.

Жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Халқ таълими вазирлиги томонидан бу каби конференциялар ҳудудий миқёсда ўтказилиши режалаштирилган ва шу орқали ёшлар билан ишлаш соҳасида янги тажрибани амалиётга тадбиқ этиш кўзда тутилган.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *