Жамиятимизда психологларнинг ўрни: Бизга улар нега керак?

мар 05 / 2019

alt

 Шарқда психология соҳаси, айниқса, инсон психологияси ва бу борадаги мавзулар ҳар доим кенг аудитория оммасини қизиқтириб келган. Аммо шунга қарамай, Шарққа нисбатан, кўпроқ Ғарб мамлакатларида психологларга кўпроқ мурожаат қилишади, эҳтиёж сезишади. Бунинг сабабини Ўзбекистон Республикаси психологлар ассоциацияси аъзоси, руҳшунос — Жаҳонгир Қўчқоров шундай изоҳлаб ўтди.

ҒАРБГА НИСБАТАН НЕГА ШАРҚДА ПСИХОЛОГГА ЭҲТИЁЖ КАМРОҚ?

Европада шарқона ҳикматлар етишмагани учун психологга эҳтиёж катта. Шарқ эса ўзининг шарқона  ҳиқматларига бой бўлгани  учун психологларга унчалик эҳтиёж сезишмаган. Эндиликка келиб, Шарқ Ғарбга тақлид қилишни  кучайтириб бораётгани учун психологга эҳтиёж сеза бошлади. Психолог деган мутахассис авваллари шарқда руҳий тарбия устозлари ҳисобланишган. Ҳозир иккита психология юзага келган: Ғарб психологияси ва Шарқ психологияси. Шунингдек, иккита медицина мавжуд ғарбий медицина ва шарқий медицина.  Менинг фаолиятим  шарқий психологияга кўпроқ қаратилган, чунки менталитетимиз ҳам шуни тақозо қилади.

   ИНСОН РУҲИЯТИДАГИ ЮТУҚ ВА КАМЧИЛИКЛАР...

   Олимлар ҳисоб китобига кўра дунёда 200 та ижобий феъл-атвор бўлиб, булардан 169 таси салбий феъл-атворлар бор экан. Инсон психологияси деганда асосан унинг хулқ-атвори кўзда тутилади. Масалан, феъл-атворни битта дарахт, унинг 200 та шохчалари бор, деб фараз қилсак, ҳозирги яъни 21 ахборот асрининг ривожланиб боргани сари феъл-атворларнинг қирралари ҳам ривожланиб боряпти. Умумий, ҳисобни оладиган бўлсак, ижобий феъл-атвор кўпроқ бўлиб чиқяпти. Демак, хулоса қилиб айтса бўладики, инсон психологиясидаги ижобий феъл-автор кўпайиб, яхшилик барибир ғалаба қозониб боряпти. Бир ҳикматда донишмандлар айтадики, “Кимда ким агар одамлар бузилиб кетган” деб айтаётган бўлса, билингки, у одамнинг ўзи бузилгандир. Ўша 169 та салбий феъл-атворнинг ичида бугунги кунда кўпроқ кузатилаётгани дангасаликдир. Кўплаб салбий феъл-авторлапр ва кўнгилсизсизликлар ҳам кўпинча бекорчилик, дангасаликдан келиб чиқади. Шунингдек, ижобий феъл-авторлардан кўпроқ кўзга ташланаётгани—меҳнатсеварликдир. Сабаби, меҳнатсеварликдан кўпроқ фойда эканлигини инсонлар ҳам тушуниб бормоқда. 

БОЛА ПСИХОЛОГИЯСИДА НИМАЛАРГА ЭЪТИБОР БЕРИШ КЕРАК?

 Яқинда бир жойда 4 яшарли болакайнинг отаси билан кетаётганлигини кўрдим. Бола жудаям камгап, юзида жиддийлик  ифода этган, ҳаракатларида пассивлик, қувончнинг йўқлигини кўрдим.  Бола ҳомуш, ерга қараб кетарди. Бундан унга нисбатан ота онаси қаттиққўл эканлигини тушундим. Шунингдек, отасидан ўғлининг нега пассивлиги, ҳаракатлари сустлиги ҳақида сўраганимда ҳақиқатан ҳам унга нисбатан ота-онаси ўта қаттиққўллиги маъум бўлди ва отаси ҳам болани “уёққа тур, буққа тур, ундай қил, бундай қил” каби фақат буйруқ билан ҳаракатланишга ўргатиб қўйганликларини тан олди. Керакли тавсияларни бергач, отаси менинг психолог эканлигимни билди ва ўғлини болалар соғломлаштириш курсига олиб келишга аҳд қилди. Бола курсга қатнагач, унда ижобий натижалар сезила бошлади ва боланинг иммунитети кўтарилди. Аввалгига нисбатан қувноқ болага айланди. Отасининг айтишича, ҳатто илгаригидек тез-тез касал бўлмайдиган, шамолламайдиган бўлибди. Психологик тренинглар орқали унинг руҳияти кўтарилиб, иммунитетига ижобий таъсир кўрсатган. 

ИНСОН ПСИХОЛОГИЯСИДА МУАММОЛАР НИМА САБАБДАН ЮЗАГА КЕЛАДИ?

 Қабулимизга асосан стресс, депрессия ҳолатига тушиб қолганлар келади. Улар орасида кўпроқ тадбиркорлар фаолияти инқирозга дуч келиб, улар депрессияга тушиб қолишади. Ота-оналар ўсмирлик ёшига етган болаларини олиб келишади, улар ўзлари ва фарзандлари билан ўртасидаги муносабатдан шикоят қилишади.  Эр-хотинларнинг оиладаги ўзоро муносабатлари ёмонлашган ҳолатида бўлади. Кўпроқ 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларни эса ота-оналар мактабдаги баҳолари пасайиб кетганлиги, жиззаки бўлиб, хулқ-атворининг салбий томонга ўзгарганлигидан нолийди. Инсонда юзага келган мана шу каби руҳий ҳолатларнинг келиб чиқишига эса унинг ўзига бўлган ишончининг пасайгани, нималарга қодир эканлигини билмаслиги, ўзлигидан узоқлашгани сабаб бўлади. Бу ҳақда мижозга тушунтириб қўйилганида эса, унинг муаммолари ўз-ўзидан ечила бошлайди.

 КАСБИ ТУФАЙЛИ КИМЛАР КЎПРОҚ МУАММОЛАРГА ДУЧ КЕЛИШАДИ?

Юзлаб касб эгалари ичидан, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, жарроҳлар, тадбиркор, темир йўл ходимлари, услубчи(“дизайнер”)лар, коллеж талабалари, журналистлар,  ҳисобчилар, ҳайдовчилар келишиб, улар асосан “бошлиқ ва ходим” ўртасидаги муносабатларнинг муаммога юз тутганлигидан, карьерада юқори поғоналарга кўтарилиш, ишда иш самарадорлигини ошириш, ишчанлик руҳиятини кўтариш масаласида ёрдам сўрашади. Клиник психология инсоннинг стрессдан чиқиш ва шахс сифатида ўсиш, жисмоний ва ҳиссий ривожланишни таъминлайди.  Аномал психология феъл-атворнинг ижобий томонга ривожлантиришни кўзда тутилади. Педагогика психологияси таълим соҳасида самарали ўқув услубларини қўллаб-қувватлаш, уни ривожлантириш, биологик психологиясида мия ва тана орасидаги алоқа, яъни миядан узатиладиган буйруқларнинг тана аъзоларига бўлган реакцияси назарда тутилади. Шунингдек, соғломлаштириш психологияси соғлом турмуш тарзи ҳақида, юридик психология — инсон ҳуқуқлари ҳақида, шахс психологияси инсон феъл- авторлари ва ҳиссиётлари ҳақида, ижтимоий психология инсоннинг ижтимоий ҳаётга кўникма ҳосил қилиши ҳақида тушунтиради. Глобал психология — глобал муаммоларнинг ечимини ўрганади. Инсон ушбу психология турларининг қайси бирига нисбатан эҳтиёж сезаётган бўлса, шунга қараб у билан мулоқотда бўлишга, унга руҳий ёрдам беришга киришилади.    

ЭРКАК ВА АЁЛ БАХТЛИ БЎЛИШИ УЧУН НИМА ҚИЛИШИ КЕРАК?

Бунда муаммо эркак кишининг аёл киши психологиясини билмаслиги ёки аксинча, аёлнинг эркак психологиясини билмаслигидадир. Аксарият ҳолларда оилаларнинг ажримга юз тутиши мана шу сабаб туфайли юзага келади. Эркак нима қилиши керак?  Эркак қандай қилсам, аёлимни бахтли қила оламан деган саволига ўзида жавоб топа олиши керак.  Эркак киши аёлининг умуртқасини енгил қирсиллайдиган даражада қаттиқ бағрига босиб, “менинг қироличам, менинг мақсадим сени орзуларингга эриштириш, сени бахтли қилиш” деса(кулиб), мана шунда аёл киши ўзини бахтли ҳис қила олади. Ва, эркак киши мана шу айтган сўзининг устидан чиқа олиши, оиладаги вазифалари нималардан иборатлигини англаб етган ҳолда, уларни ўз ўрнида бажариши, ваъдасига вафо қила олиши керак. Шунда у аёлининг, болаларининг ҳурматига сазовор бўлади.  

Аёл киши оилада сабрли ва шукрли бўлиши керак. Эрига  «хўжаин, сизнинг борлигингизга шукр, бизни боқяпсиз, кийинтиряпсиз, едириб ичиряпсиз,  бизни ҳимоя қиляпсиз” деб ҳар куни аёл киши эрига кўп-кўп раҳматлар айтиб туриши керак. Иккинчи ечим, аёл киши эрига ишониши, буни эрига билдириши, “хўжаин, мен сизга ишонаман” каби сўзларни кўпроқ айтиши, бу табиий ва самимий оҳангда бўлиши керак. Яъни, бу сўзларни шунчаки айтмаслик керак, ростдан ҳам эрига ишониши керак. Эри бирон бир хатога йўл қўйса, “сиз буни атай қилмадингиз, билмасдан шундай қилиб қўйдингиз, бу тасодифан юз берди” каби сўзларни айтиб, эри билан фахрланишни билиши керак. “Сиз дунёда ягона эркаксиз, сиз кучли ва доно эркаксиз, сиз жудаям ғамхўрсиз” каби сўзлар билан эрини руҳлантириб туриши керак. Ана шундай аёл эрини бахтли қила олади. Агар мана шундай меҳр ва эътиборни аёл ва эркак бир бирига беролмас экан,  у оилада бахт ҳукм сурмайди. Натижада аёл “эрим ишламайди, вазифасини қилмайди, ичиб келади, жанжал кўтаради, ёки аксинча, эркак “аёлим мени ҳурмат қилмайди, ўзини мендан устун кўради, мени руҳлантирмайди, шукр қилмайди” каби шикоятлар  билан келади.  

“РУҲИЯТНИ ТИКЛАМАЙ ТУРИБ, КАСАЛЛИКНИ ЕНГИБ БЎЛМАЙДИ”

Ибн сино хазратларига кўра “руҳиятни тикламай туриб, касалликни тузатиб бўлмайди”. Шу боис, биз руҳшунослар инсонларга тушкун кайфиятдан кўтаринки кайфиятга ўтишни ўргатиб, кўпроқ мижознинг тафаккури билан ишлаймиз. Мулоқотдаги мижознинг оқкўнгил, беғубор ҳолатига келтириш билан шуғулланамиз. Шунингдек, Ибн Сино хазратлари “инсонда учрайдиган касалликларнинг 80 фоиз сабаблари умуртқада ётади” деб айтган. Шу боис биз машғулотлар давомида мижозларга умуртқаси билан боғлиқ бўлган махсус ҳаракатлар, яъни умуртқанинг эгилувчан, букилувчанлигини оширувчи машқларни бажартирамиз. Чунки инсоннинг барча асаб томирлари умуртқасининг орқасидан, бўйин қисмидан ўтиб, унинг миясига уланиб кетган бўлади. Агар асаб томирлари қисилиб қолса, туз йиғилиши оқибатида инсон асабий бўлиб қолади. Мияга қон яхши етиб бормайди. Машқларни мусиқа, ўйин кулгу ва кўтаринки кайфиятда бажартирамиз. Яна Ибн Сино хазратлари айтадики, доира инсон иммунитетини кўтарса, най асабни  тинчлантираркан. Умуман инсон психологиясида мусиқанинг тутган ўрни жуда катта. Мусиқалар икки хил турга бўлинади, ёқимли ва ёқимсиз мусиқа. Ёқимли мусиқа инсон ҳиссиётларини ижобий томонга юз тутишига туртки бўлади. Биз мижозларга пассив, руҳни тушириб юборувчи мусиқаларни эшитмасликни тавсия этамиз. Яна биз мижозларга қалбни тозалаш машқларини бажартирамиз. Шарқда кўпроқ қалбни тозалашга катта эътибор қаратилган. Ибн Сино хазратлари, Беруний, Фаробий каби алломаларимизга кўра, кўплаб касаллик ва муаммоларнинг сабаби қалбдаги муаммолар оғриқлар билан боғлиқ бўлади.  

М.Эшмирзаева суҳбатлашди

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *