Жиззах вилояти ҳокимлигида коллежларини битириб, ишга жойлаша олмаган ёшлар, уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди

фев 12 / 2016

alt

Ўтган ва ундан олдинги йилларда касб-ҳунар коллежларини битирганлар орасида ўз иш ўрнини ҳалигача топмаган ёшлар бор. Вилоят ҳокимлиги битирувчиларнинг ишга жойлашмагани билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни ўрганиб чиқиб, муаммони ҳал этиш мақсадида банд бўлмаган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан учрашувлар ўтказмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Вилоят ҳокими билан февраль ойининг дастлабки ўн кунида икки марта учрашув ўтказилди. Унда иш билан банд бўлмаган 248 нафар ёш ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Учрашувда ҳар бир ҳолатнинг сабаблари тегишли корхона, ташкилот раҳбарлари иштирокида муҳокама қилиниб, муаммони ҳал этиш чоралари кўрилди.

Учрашувда Зарбдор туманилик Фахриддин Камолов, Мирзачўл туманидан Дўстёр Арабов, Дилфуза Исломова ва бошқа битирувчилар ишга жойлаша олмагани сабаблари ҳақида сўзлаб берди. Мурожаатлар бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларининг жавоблари эшитилиб, масалага шу ернинг ўзида ечим топилди.

2016 йилда вилоятда касб-ҳунар коллежларини 19 минг 407 нафар, жумладан, 9 минг 842 қиз битиради. Учрашувда ёш мутахассисларни тўлиқ иш билан таъминлаш учун ҳокимликлар, касб-ҳунар коллежлари, корхона ва ташкилотлар билан белгиланган тадбирларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш зарурлиги уқтирилди. Жорий йилдан битирувчи, таълим муассасаси, иш берувчи ўртасидаги шартномага туман-шаҳар ҳокимлари ҳам киритилиб, тўрт томонлама тузилади. Демак, шартнома бажарилиши учун ҳокимлар бевосита жавоб беради.

Битирувчилар бандлигини таъминлашда уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда коллеж битирувчилари учун тижорат банклари томонидан 12 миллиард сўм кредит маблағи ажратилиши режалаштирилган.

Учрашувда ҳар ҳафтанинг якшанба куни Жиззах политехника ва Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институтларида навбатма-навбат бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этиш мунтазам йўлга қўйилиши белгиланди. Ярмаркаларда ҳудуддаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашиши шартлиги таъкидланди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими С.Исмоилов сўзга чиқди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *