ЎФАнинг янги раҳбари келишилган ўйинлар ва тотализаторга қарши кескин курашишини маълум қилди

июл 15 / 2019

Хабар берилганидек, бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги раҳбари сайланди. Айни пайтда ДХХ раиси сифатида ҳам ишлаб келаётган Абдусалом Азизов ЎФАдаги фаолиятида амалга оширадиган келгуси режалари билан ўртоқлашди.
 
- Биргаликда футболимиз инфратузилмасини янада ривожлантириш, футболчилар, мураббийлар, ҳакамлар, мухлисларга яратиладиган шароитлар ва яна кўплаб масалаларга эътибор қаратиб, якунда натижаларимизни яхшилаб боришга интилишимиз керак. Яхши биласиз, футболни ривожлантиришга ҳукумат даражасида эътибор қаратиляпти. 
 
Олдимизда турган асосий вазифалардан бири – бу ички чемпионатимизни кучайтириш, мухлисларни яна стадионларга қайтариш, клублар ўртасидаги рақобатни кучайтириш. Ўзбек футболини орқага тортаётган иллат – келишилган ўйинлар ва тотализаторда иштирок этиш каби ҳолатларга қарши кескин курашамиз. 
 
Охирги йилларда мусобақа регламенти мунтазам равишда бузиб келинганидан хаттоки халқаро футбол ташкилотларининг ҳам хабари бор. Бундан буёғига биз спорт принципларини устувор деб билиб, регламентни ҳурмат қилишимиз шарт! Биз нафақат футболимизнинг бугунги куни, балки эртаси ҳакида ҳам ҳозирдан бош қотиришимиз керак.
 
Бунинг учун болалар ва ўсмирлар футболидаги вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқиб, зарур чора-тадбирлар орқали фарзандларимизга керакли барча шароитларни яратиб беришимиз лозим. Барчамиз яхши тушуниб турибмиз, мухлис халқи биздан яхши натижалар, давомли ғалабалар ва азалий орзулари бўлмиш жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритилишини кутишмоқда. Бундан ташқари олимпия терма жамоамиз ҳам Токио олимпиадасига лицензияни қўлга киритишга интилади. 
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *