Осиё чемпионати U-23: Ўзбекистон БАА ни йирик ҳисобда муғлубиятга учратди

янв 19 / 2020

alt

Хабар қилганимиздек, бугун Таиландда ўтаётган футбол бўйича U-23 Осиё чемпионатининг чорак финалида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши майдонга тушди.

Дастлабки дақиқаларда БАА футболчилари ташаббусни қўлга олгандек бўлди. Ҳатто улар ҳисобни ҳам очишди. Учрашувнинг 13-дақиқасида Саид Абдулла БАА жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди, 0:1. Шундан сўнг ўзбекистонлик футболчиларнинг ўйини кескин ўзгарди. 16-дақиқада Илҳомжон Алижонов олис масофадан рақиб дарвозасини аниқ нишонга олиб, ҳисобни тенглаштирди, 1:1. 25 дақиқада Ҳакам VARга мурожаат қилгач БАА дарвозаси томон пенальти белгилади. Терма жамоамиз сардори белгиланган пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни бизнинг фойдамизга оширди. Ўйиннинг 41-дақиқасида Ойбек Бозоров олис масофадан рақиб дарвозасини ажойиб тарзда ишғол қилишга муваффақ бўлди, 3:1.

Иккинчи бўлимда терма жамоамиз вакиллари устунликни буткул қўлга олиб, кетма-кет хавфли ҳужумлар уюштирди. Ҳужумлар охир-оқибат ўз самарасини берди, 84-дақиқада Жасурбек Яхшибоев ҳисобни 4:1га етказди.  Аммо ўйин бу билан тугамади, футболчиларимиз бешинчи голни ҳам уришди. Нурилло Тўхтасинов ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда, (90+4) бешинчи голни ҳам урди.  

Шу тариқа Олимпия терма жамоамиз ишончли ғалаба (5:1) билан ярим финалга йўл олди.  

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *