Равшан Эрматов: "Қачонлардир мени жароҳатлаган футболчини хаёлан койирдим, ҳозир эса ундан миннатдорман"

янв 11 / 2016

alt

Шу муносабат билан RedPen нашри Равшан Эрматов билан интервью ташкил қилди. Ушбу интервьюни қисқартирилган ҳолда ҳавола этишни лозим топдик.

— Янги йил олдидан орден билан муофотланганингиз ҳақида қандай билдингиз ва нималарни ҳис қилдингиз?

— Бу унутилмас онлар эди. Мен Олимпия қўмитасида Ойбек Қосимов билан суҳбатлашиб тургандим, шунда Футбол федерациясидан қўнғироқ қилишиб, ушбу янгиликни хабар қилишди. Мен ҳатто бироз ўзимни йўқотиб қўйдим...

— Чет мамлакатларда Сиздан Ўзбекистон ҳақида кўп сўрашадими?

— Ҳанузгача мамлакатимиз ҳақида тасаввурга эга бўлмаган одамлар учрайди, бироқ уларнинг сони камаймоқда. Мен уларга юртимизнинг тарихи, маданияти, анъаналари, буюк бобокалонларимиз, уларнинг жаҳон илм-фани, маданиятига қўшган ҳиссаси ва албатта, замонавий Ўзбекистон ҳақида ҳам сўзлаб бераман. Шундан сўнг уларда Ватанимизга келиш, ўз кўзлари билан кўриш истаги пайдо бўлади.

... 2007 йилда Жаҳон чемпионатига номзодимни танлашганда, мен барча Жаҳон чемпионатларининг тарихини ўрганиб чиқдим - кимлар бўлган, қайси жамоалар, қандай ҳакамлар, Ўзбекистондан ҳам кимлардир бўлганми-йўқми... Маълум бўлдики, бизнинг юртимиздан ҳеч ким бўлмаган экан. Шунда мен ўз олдимга энди албатта, Ўзбекистондан ҳам вакил бўлади, деб мақсад қилгандим.

2010 йилда ЖАРда ўтказилган Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини олдидан тарихда илк бора Ўзбекистон байроғи кўтарилди. Шу онда кўз ёшларимни тия олмадим...

... Мендан кўпинча қайси жамоага мухлислик қилишим ҳақида сўрашади: “Реал”ми, “Барселона”ми, “Челси”ми?”, дея. Мен шундай дейман: “Ўзбекистон миллий терма жамоасидан бошқа дунёдаги  ҳеч бир жамоага мухлислик қилмайман. Олимпия терма жамоаси бўладими, Ёшлар, Ўсмирлар - мен Ўзбекистоннинг барча терма жамоаларини қўллаб-қувватлайман”...

alt

Сиз кўп миллионли ёшларимизнинг кумирисиз. Уларга нималар дея оласиз. Омаднинг рецепти борми?

— Омаднинг рецепти йўқ. Мени олдинда нима кутаётганини билмаганман, 17-18 ёшимда ҳакамлик карьерасини энди бошлаётгандим. Омадим келадими, умуман дунё миқёсидаги ҳакам бўла оламанми, билмаганман. Лекин бир нарсани билардим - ҳар куни эрталаб машғулотларга боришим, ёмғирми, қорми, совуқми, иссиқми - ҳар қандай об-ҳавода боришим керак эди...

Менимча, меҳнатсеварлик - ҳар қайси соҳада зафар қучишнинг калитидир.

Ҳакамлик фаолиятингизни  якунлагач, қандай режаларингиз бор?

— Ҳозирча бунга шошмаяпман (кулади). Келажакка олдиндан қарамаймиз. Унгача эса айни вақтдаги ишимдан роҳат оламан.

Агар футбол бўлмаганда нима билан шуғулланган бўлардингиз?

— Тўғриси, тасаввур ҳам қилолмайман. Чунки 7 ёшимдан футболчи бўлиш орзуим бўлган. Ўзимни ҳакам сифатида ҳеч ҳам тасаввур қилмаганман.

Бўлажак футболчи сифатида ҳакамлар билан кўп тортишардим. Уларга доим ниманидир исботлардим.

17 ёшимда жароҳат олгач, менга ҳакам бўлишни маслаҳат беришди. Мен қатъиян рад этганман ва болалар мураббийи бўлиш учун лицензия олганман. Шу вақтларда бир воқеа содир бўлган: отам мураббий бўлгани учун унинг болалар жамоаси бор эди, ҳар якшанба кунлари шаҳар биринчилиги мусобақалари ўтказиларди. Мен отамга кўмаклашардим. Бир куни мусобақалардан бирига ҳакам келмади. Шунда отам менга ҳуштакни тутқаздида, ўйинни бекор қила олмаслигимизни айтиб, ҳакамлик қилишни топширди. Ва шунда худди ўзим ўйнагандек, кутилмаганда завқланиб кетганман.

Қачонлардир мени жароҳат олишимга сабаб бўлган футболчини хаёлан койирдим. Ахир менинг катта орзуим - Ўзбекистон миллий терма жамоасида ўйнаш эди. Мусобақага ҳакам келмаганда ҳам қандай қилиб бундай масъулиятсиз бўлиш мумкин, деб ундан жаҳлим чиққан. Энди эса мен ҳар иккисидан миннатдорман. Агар ўша футболчи менга жароҳат етказмаганда ва ўша ҳакам мусобақага келганида, мен балки ҳакам бўлмас эдим.

alt

Қаттиққўл отамисиз? Фарзандларингизнинг келажагини қандай кўрасиз?

— Фарзандларим билан кўп вақтни албатта, аёлим ўтказади. Мен улар билан кам вақт бирга бўламан, шу боис ўта қаттиққўлман, дея олмайман. Ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак.

Уларнинг келажаги ҳақида уйлаганимда, албатта, ҳар бир ота-она каби болаларим соғлом ва бахтли бўлишини, ўзларининг қизиқишларидан келиб чиқиб касб танлашларини хоҳлайман. Агар улар спорт йўналишидан кетишни исташса, қаршилик қилмайман, фақат қўллаб-қувватлайман. Агар бошқа соҳани танлашса ҳам қаршилик қилмайман. Ҳозир улар яхши педагоглар қўлида ўқишига ва яхши таълим олишига ҳаракат қиляпман. Ўғлимда, масалан, тил ўрганишга иштиёқи бор.

— Сиз Жаҳон чемпионатларида ишладингиз, дунёнинг энг яхши рефериси бўлдингиз. Шуларнинг баридан сўнг Сизда нима ўзгарди? Нима энди аввалгидек бўлмайди?

— Мендан гоҳида “эришган ютуқларингдан бошинг айланмаяптими”, деб сўрашади. Мен “иккала оёғим билан ерда маҳкам турибман”, деб жавоб бераман.

Ҳаётда қандайдир муваффақиятлардан кейин ўзгарадиган одамларни тушунмайман. Уларнинг ёнига йўлаб бўлмайдиган бўлиб қолишади, одамлар билан муносабатида ҳам манманлик пайдо бўлади. Мен шу нарсани тушунмайман. Нега одам бирор ютуққа эришгач, ўзгариши керак? Булар шунчаки натижалар, одамлар эса бари тенгдир.

Мен олдин қандай бўлган бўлсам, ҳозир ҳам шундайман. Менга яқинлаша олмасликнинг биргина сабаби, бу бўш вақтнинг етишмаслигида. Бўш вақтим эса ҳақиқатдан ҳам жуда кам. 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *