ТЕХНОЛОГИЯЛАР 0 Шархлар 6617 кўрилди

Ўзбекистонда смартфонларни IMEI бўйича рўйхатга олишнинг янги тартиби жорий этилади

янв 13 / 2019

alt

Ўзбекистонда барча турдаги мобил гаджетлар рўйхатга олиниши ҳақида Terabayt.uz сайти 2017 йилиёқ хабар берганди. 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча мобил қурилмалар IMEI бўйича рўйхатга олиниши Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарори билан белгилаб қўйилган.

Ахборот коммуникациялари вазирлиги кеча – 2019 йилнинг 11 январида мобил қурилмаларни IMEI бўйича рўйхатга олишнинг тартиби ва шартлари ҳақидаги янги низом лойиҳасини эълон қилди.

Янги қарор лойиҳасида бир қатор ўзгаришлар мавжуд. Унда назарда тутилаётган ўзгаришларни қисқа ва содда қилиб айтганда, «ўтиш даври»да Ўзбекистондаги уяли алоқа қурилмалари рўйхатга олинади ва улар «оқ рўйхат»да ҳисобланади. Шу давр мобайнида маълумотлари тақдим этилмаган смартфон ва планшетлар «қора рўйхат»га тушади ва ишламай қолади. Ўзбекистонга янги олиб кирилган, IMEI рақами мазкур рўйхатлардан бирига кирмаган смартфонлар эса «кулранг» рўйхатда бўлиб, 30 кунгача чекловларсиз ишлайверади, кейин эса «оқ» ёки «қора» рўйхатга ўтади. Тўртинчи тур гаджетлар «боғланган оқ рўйхат»да туради – булар синов учун қўлланаётган смартфонлар бўлиб, IMEI рақами тегишли телефон рақамига боғланган бўлиб, бошқа SIM-карта билан ишламайди.

Шунингдек, регистрациядан ўтказиш учун тўлов ҳажми ҳам ўзгарган: янги лойиҳада у энг кам ойлик иш ҳақига боғланмаган. Ҳар бир қурилманинг IMEI рақамини рўйхатдан ўтказиш учун импорт қилувчи 25 минг сўм, маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва жисмоний шахс эса 20 минг сўм тўлайди. Лекин, агарда талаб қилинадиган барча ҳужжатлари мавжуд бўлмаса, девайс учун божхонада аниқланган нархининг 100 фоизи миқдорида тўлаш керак бўлади. Хорижликларнинг смартфонлари эса бепул регистрация қилиб берилади.

Регистрациядан ўтказиладиган смартфонлар сони бўйича чеклов йўқ, олдинги лойиҳада битта жисмоний шахс олти ойда биттагина қурилмани рўйхатдан ўтказиши мумкинлиги ёзилган эди.

Бу – ҳозирча қарор лойиҳаси бўлиб, якуний вариантигача унга ўзгартиришлар киритилади, қабул қилиниш-қилинмаслиги ҳозирча аниқ эмас. Уни халқ муҳокамасига қўйишган ва сиз ҳам мана бу ҳавола орқали ўтиб, бу борада фикрингизни ёзишингиз, 26 январгача муҳокамада қатнашишингиз мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *